Судланувчи иштирокисиз ўтган апелляция, 5 кунлик кўриб чиқиш ва 9-йиллик жазо. Бу судми ёки тайёр ссенарий?
Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида “адолатли судлов” тамойили устувор деб таъкидланади. Бироқ айрим ишлар амалиётда бу тамойил қай даражада ишлаётгани ҳақида саволлар туғдирмоқда.
Адвокат Хуршидабону Насретдинова томонидан “Езгулик” жамиятига тақдим этилган мурожаат шундай ҳолатлардан бири сифатида келтирилмоқда.
Унинг билдиришича, дастлаб биринчи инстансия суди айбни қайта малакалаб, оғир айбловни енгилроқ моддага ўзгартирган ва озодликдан маҳрум қилиш ўрнига ахлоқ тузатиш ишларини тайинлаган.
Бироқ прокуратура протестидан сўнг иш апелляция босқичида қайта кўриб чиқилган. Шу жараёнда, мурожаатга кўра:
— иш атиги 5 кунда кўриб чиқилган;
— судланувчилар судда иштирок этмаган;
— уларнинг эътирозлари эшитилмаган;
— муҳокама формал тарзда ўтказилган.
Натижада жазо кескин оғирлаштирилиб, ахлоқ тузатиш ишларидан 9–10-йиллик қамоқ жазосига ўзгартирилган.
Мурожаатда таъкидланишича, қонунга кўра судланувчи суд жараёнида иштирок этиши ва ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ мазкур ишда бу талаблар қай даражада таъминлангани савол остида қолмоқда.
Шунингдек, кейинги босқичларда:
— гувоҳлар сўроқ қилинмаган;
— адвокат илтимосномалари рад этилган;
— шикоятлар мазмунан кўриб чиқилмагани қайд этилган.
Олий суд эса ишни кўришни рад этган. Сабаб сифатида судланувчилар имзосининг йўқлиги кўрсатилган. Айни пайтда адвокатлар видео орқали розилик тақдим этганини билдирган бўлса-да, бу инобатга олинмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан қатор саволлар очиқ қолмоқда:
— Нега апелляция судланувчисиз ўтказилган?
— Нега жазо кескин оғирлаштирилган?
— Нега тақдим этилган далиллар инобатга олинмаган?
Мутахассислар фикрича, адолатли судлов нафақат ҳукм, балки жараённинг ўзида — иштирок, эшитилиш ва тенглик тамойилларида намоён бўлиши лозим. Эффеcт.уз мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат кутади.




