АНОРБАНК аксиядорларидан бири Қаҳрамонжон Олимовнинг карточкаси Интерпол сайтида халқаро қидирувдаги шахсларнинг очиқ рўйхатидан олиб ташланди. Айни пайтда унинг номи бўйича Интерполнинг очиқ базасидаги қидирув натижа бермаяпти.
Бу орада АНОРБАНК&амп;апос;нинг ўзида ҳам муҳим корпоратив ўзгаришлар кетмоқда. 2-октябр куни Олимов банк Кузатув кенгаши таркибидан чиқиш ҳақида ариза берган. Масала 28-октябр куни аксиядорларнинг умумий йиғилишида кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, 5-октябр куни АНОРБАНК аксиядорлари 100 млрд сўмлик қўшимча аксиялар чиқариш ва янги инвестициялар жалб қилиш бўйича қарорни маъқуллади. Банк айни пайтда эмиссияни жойлаштириш ва капитални амалга ошириш учун зарур корпоратив ҳамда қонунчилик жараёнларидан ўтмоқда.
Шу тариқа, аксиядор билан боғлиқ вазият фонида ҳам банк бошқаруви ва капитализацияси бўйича жараёнлар алоҳида давом этмоқда. АНОРБАНК операцион фаолиятини одатдаги режимда олиб бормоқда — депозит, кредит ва тўлов операциялари узлуксиз амалга оширилмоқда.
2026-йил 9 ойлик якунлари бўйича банк кўрсаткичлари унинг одатий тартибда фаолият юритганини кўрсатмоқда: банк 9 ойда қарийб 105 млрд соф фойда кўрган, банк активлари 20,32 триллион сўмни (чорак бошида — 18,74 триллион сўм), кредитлар — 13,08 триллион сўмни, ўз капитали — 1,51 триллион сўмни, мижозлар депозитлари 15,23 триллион сўмни ташкил қилган.
Яъни сўнгги ҳафталардаги шов-шувлар банкнинг кундалик фаолиятини тўхтатгани йўқ. Аксинча, АНОРБАНК капитални ошириш, корпоратив бошқарувни янгилаш ва янги инвестициялар жалб қилиш бўйича амалий қадамларни давом эттирмоқда.




