Ўзбекистон

200 млрд сўмлик активлар атрофидаги можаро: Орзиқул Пайзиқулов нима дейди?

Administrator7-октябр, 2026, 22:34193 кўришлар
200 млрд сўмлик активлар атрофидаги можаро: Орзиқул Пайзиқулов нима дейди?

Эффеcт.уз 2026-йил 28-сентябр куни «Қидирувдаги шахсга 200 млрдлик активларга эга жамият улуши қандай расмийлаштирилди?» сарлавҳали материални эълон қилган эди. Унда хорижлик инвесторга тегишли экани айтилган, қарийб 200 млрд сўмлик активларга эга жамиятдаги 50 фоизлик улуш қандай расмийлаштирилгани юзасидан саволлар кўтарилган.

Энди мазкур материалда номи тилга олинган тадбиркор Орзиқул Пайзиқулов томонидан ушбу воқеаларга муносабат билдирилмоқда. Унинг адвокати таҳририятга тақдим этган маълумотномада аввалги мақолада тилга олинган ҳолатларга нисбатан бошқача позиция билдирилган.

Адвокатнинг асосий тушунтириши — О.Пайзиқулов келишув шартларини бажаргани, унга нисбатан юритилган жиноят ишининг тегишли қисми тугатилгани ва кейинчалик унга нисбатан янги даъволар билан мурожаат қилингани ҳақида.

Низонинг бошланиши: 1,67 гектар ер ва 4 млн долларлик келишув

Адвокат тақдим этган маълумотномада Ж.Абдураҳмонов, Б.Бисултанов ва С.Жордаевлар ўзларини «Тажриба-Техник Корхонаси» МЧЖ вакиллари сифатида таништириб, Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, М.Уйғур кўчаси, 103-уй манзилида жойлашган 1,67 гектар ер майдони борлиги ва унда кўп қаватли турар жой мажмуаси қуриш мумкинлигини билдиргани баён қилинган.

Адвокатнинг ёзишича, мазкур ер майдони дастлаб 4 млн АҚШ долларига баҳоланган. Пайзиқулов маблағни бирданига тўлай олмаслигини билдириб, дастлаб 350 минг АҚШ доллари берган. Шундан кейин «Тажриба-Техник Корхонаси» МЧЖ устав фондидаги 50 фоиз улуш Орзиқул Пайзиқулов номига расмийлаштирилган.

«ЕCОИМПЕХ ЛЛП» ва жамият улуши

Адвокат маълумотномасида келтирилишича, ўша вақтда «Тажриба-Техник Корхонаси» МЧЖнинг 100 фоиз улуши «ЕCОИМПЕХ ЛЛП» хорижий компаниясига тегишли бўлган. Ҳужжатда Ж.Абдураҳмоновнинг рафиқаси Ф.Абдураҳмонова мазкур компаниянинг ишончли вакили бўлгани ҳамда ҳужжатларни шахсан имзолаб, расмийлаштиргани қайд этилган.

Шундан сўнг Пайзиқулов мазкур ер майдонида кўп қаватли турар жой қурилишини бошлаган. Маълумотномада ер учун келишилган 4 млн доллар миқдоридаги ҳисоб-китоб пул ва янги қурилган квартиралар кўринишида амалга оширилгани, шу тариқа дастлабки келишув шартлари бажарилгани таъкидланган.

Гулобод: баҳсда тилга олинган ҳудудда бугун нима бор?

Пайзиқулов томони тақдим этган фотосуратларда мазкур лойиҳага оид кўп қаватли турар жой бинолари тасвирланган.

Адвокат маълумотномасида эса айнан М.Уйғур кўчаси, 103-уй манзилидаги 1,67 гектар ер майдонида кўп қаватли турар жой қурилиши бошлангани ва ҳисоб-китобнинг бир қисми квартиралар кўринишида амалга оширилгани айтилган.

Бу фотосуратлар қурилиш обектининг мавжудлигини кўрсатади. Бироқ уларнинг ўзи 4 млн долларлик ҳисоб-китоб тўлиқ амалга оширилганини ёки мулкий ҳуқуқларнинг қонунийлигини мустақил равишда исботламаслиги мумкин.

О.Пайзиқуловга нисбатан ЖК 168-модда бўйича ишнинг қисми нега тугатилган?

О.Пайзиқуловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан боғлиқ жиноят ишининг унга тегишли қисми дастлабки тергов натижасига кўра, 2026-йил 6-март куни ЖПК 83-моддаси 2-банди асосида тугатилган.

Ж.Абдураҳмоновга нисбатан ҳам алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят ишлари мавжуд

Адвокатнинг қўшимча қилишича, Ж.Абдураҳмонов ЖК 168-моддаси 4-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилгани, иш мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилгани ва суд ҳукми чиққанини ҳамда Ж.Абдураҳмонов О.Пайзиқулов ва бошқаларни оғир жиноят содир этганликда туҳмат қилиб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон гувоҳлик берганлиги юзасидан унга нисбатан 2026-йил 6-март куни ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми “а, б ,г” бандлари ва 238-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган алоҳида иш юритувига ажратилганини билдирган.

Янги даъво: Негрунинг ишончномаси сохта бўлганми?

Пайзикулов адвокатининг айтишича, Ж.Абдураҳмонов кейинчалик аввалги обектнинг ўзи бўйича янги важ билан мурожаат қилган. Унда Негру Сергей Ивановичнинг ишончномаси сохта бўлгани, шу ишончнома асосида «Тажриба-Техник Корхонаси» МЧЖнинг 100 фоизлик улуши Орзиқул Пайзикуловга ўтказилгани қонуний эмаслиги ҳақида даъволар билдирилган.

Адвокат эса бу даъволарни рад этмоқда. Унинг айтишича, Негрунинг ўзи Ўзбекистонга келган, унинг иштирокида видеотасвирлар мавжуд, шунингдек Англиядаги компания номидан электрон почта орқали юборилган хатлар ҳам бор. Адвокатнинг таъкидлашича, Негрунинг ўзи ҳам терговга чақирилса, кўрсатма беришга ва ишончнома асосида ҳаракат қилганини тасдиқлашга тайёр.

Бу мурожаат бўйича тергов нима қарор қилган?

Адвокат маълумотномасида келтирилишича, Ж. Абдураҳмоновнинг ушбу мурожаати юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унинг натижасига кўра, ЖПК 83-моддаси 2-банди асосида жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

200 млрд сўмлик активлар ҳақидаги аввалги материалга муносабат

Эффеcт.узъ маълумотномасида 2026-йил 28-сентябрда ижтимоий тармоқ орқали Пайзиқуловга нисбатан оғир жиноятлар, жумладан йирик миқдордаги фирибгарлик содир этганлик, қарийб 200 млрд сўмлик активларга эга жамиятдаги 50 фоизлик улушни қалбаки шартнома асосида ўз номига ўтказиб олганлик каби даъволар тарқатилгани қайд этилган.

Эффеcт.уз аввал нима ёзган эди?

Эффеcт.уз 2026-йил 28-сентябр куни эълон қилинган материалда қарийб 200 млрд сўмлик активларга эга жамиятдаги 50 фоизлик улуш масаласини кўтарган эди. Энди мазкур материалда номи тилга олинган тадбиркор Пайзиқулов Орзиқул Холмирзаевич томонининг муносабати ҳам тақдим этилмоқда.

Шу тариқа, янги материал аввалги мақоладаги даъволарни бир томонлама тасдиқлаш ёки рад этиш эмас, балки О.Пайзиқулов томонининг адвокати тақдим этган позиция, ҳужжатлар ва процессуал қарорларни жамоатчиликка етказиш мақсадида тайёрланди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

200 млрд сўмлик активлар атрофидаги можаро: Орзиқул Пайзиқулов нима дейди? | Effect.uz