Сохта ваъдалар ва 2 миллиардлик битим
Андижонлик тадбиркор Эффеcт.узъга мурожаат қилиб, 1965 йилда туғилган Қамбархон Сидиқова исмли аёл томонидан 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағи фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганини маълум қилди.
Воқеа 2024 йилнинг май ойларида бошланган. Мурожаатчи аёлнинг тадбиркорлик таклифларига ҳамда Марҳамат туманидаги мулклари (заправка, совуқхона, икки қаватли гўзаллик салони ва 9 гектар ер майдони)ни сотмоқчи бўлганига ишонган. Ушбу мулкларни 2 миллиард сўмга сотиб олишга келишилиб, гувоҳлар иштирокида, видеокамера қаршисида тегишли маблағ топширилган ва аёл томонидан тушунтириш хатлари ёзиб берилган.

«2 миллиард сўм пулни гувоҳлар билан, ўзининг ва менинг розилигим билан берганмиз. Ушбу жараёнлар видеога олинган, Халқ банки Марҳамат туман филиали орқали ҳам амалиётлар бажарилган. Аммо пулни олгач, аёл кредитда турган мулкларни номимизга ўтказиб беришни пайсалга солиб, охир-оқибат номаълум томонга ғойиб бўлди», — дейди жабрланувчи.
«Вилоят ҳокими мени қўллаб-қувватлайди» — ишончга киришнинг устамона усули
Тадбиркорнинг қўшимча қилишича, Қамбархон Сидиқова одамларнинг ишончига кириш ва ўзини «кучли таянчга эга» қилиб кўрсатиш учун турли айёрликлардан фойдаланган.
У атрофидагиларга ва жабрланувчиларга вилоят ҳокими (Шуҳратбек Қўшақбоевич) уни шахсан қўллаб-қувватлашини пеш қилган.

Тадбиркорнинг таъкидлашича у ҳаммага «Вилоят ҳокими мени «поддежка» қилади, мени қўллаб-қувватлайди, деб юрар экан. Одамларнинг ишончига кириш учун телефонини қулоғига тутиб: «Ассалому алайкум, Шуҳратбек Қошақевич...» деб ёлғондан сўзлашаркан. Можаролар бошланганда, бир куни шундай ёлғон гаплашаётганида қўлидан телефонни олиб қарасак, аслида ҳеч ким билан гаплашмаётган ва ҳаммани алдаб келаётгани маълум бўлди», дейди у.
Кейинги суриштирувлар шуни кўрсатдики, вилоят ҳокимининг бу каби ноқонуний ишларга умуман алоқаси йўқ ва у бундай ҳолатларни ҳеч қачон қўллаб-қувватламайди.
Асоссиз ёпилаётган тергов ва таҳдидлар
Гумонланувчи аёл муқаддам ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича бир неча бор жавобгарликка тортилган ёки унга нисбатан суриштирувлар олиб борилган. Бундан ташқари, у маҳаллаларни узумзор қилиш лойиҳаси доирасида етказиб берилган 260 миллион сўмлик темир маҳсулотлари пулини ҳам тўламасдан келаётгани айтилмоқда.




Шунга қарамай, Марҳамат туман ички ишлар бўлими томонидан олиб борилган суриштирувлар бир томонлама ўтказилиб, ЖПКнинг 83-моддаси 2-банди (жиноят таркиби йўқлиги) билан иш тугатилган.
«ИИБ терговчисига видеодалилларни, банк квитансияларини ва гувоҳлар рўйхатини топширдим. Аммо бирор марта юзлаштирув ўтказилмади. Кўп ўтмай, аёлнинг қизи менга қўнғироқ қилиб, тергов сирларидан хабардорлигини айтиб, ҳақорат ва таҳдидлар қилди. Тергов жараёни шаффоф олиб борилмаяпти. Иш бир томонлама кўрилди, деб ҳисоблайман», — дейди жабрланувчи.

15 та оила ва 85 ёшли ота тақдири хавф остида
Маълум бўлишича, тадбиркор ушбу маблағларни банк кредити эвазига олган ва ҳозирда банкка 28 фоизли устама тўлаб келмоқда. Қарздорлик сабабли банк тадбиркор ва унинг 85 ёшли отаси номидаги мулкларни мусодара қилиш бўйича судга мурожаат қилган.
Мазкур тадбиркорлик субектида 15 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган бўлиб, келажакда яна 50 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган эди. Юзага келган молиявий фирибгарлик сабабли корхона банкротлик ва ёпилиш ёқасида турибди.
«Ҳозир 15 та оиланинг рўзғорини таъминлаб турибмиз. Кредитларимизни тўлаш қийинлашди, банк судга бериш ҳақида огоҳлантирмоқда», — дейди у куйиниб.
Юқори идоралардан адолат кутилмоқда
Тадбиркор юзага келган адолацизлик юзасидан ички ишлар вазири, бош прокурор ҳамда Андижон вилояти ҳокимидан мансабдор шахсларнинг эътиборсизлигига чек қўйиш ва адолатни қарор топтиришни сўрамоқда:
«Президентимиз тадбиркорларни қўллаб-қувватлаётган бир пайтда, биз 20 йиллик меҳнатимиздан ажралиб қолиш арафасидамиз. Бош прокуроримиздан ва Ички ишлар вазири ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғидан ушбу ишни ўз назоратига олишларини, суриштирув ва тергов жараёнларида шаффофликни таъминлаб, жиноятга алоқадор шахсларга нисбатан қонуний чора кўришларини сўраймиз», — дейди тадбиркор.
Таҳририят ушбу воқеалар ривожини кузатган ҳолда, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий муносабатини кутиб қолади.
Муҳаммад Али Қозоқов тайёрлади.




