Хушхабар: Андижонда масжидда яшаётган оилаларга уй берилди

Аввалроқ Effect.uz ахборот агентлиги томонидан Андижон вилоятидаги эски масжидларнинг бирида бир нечта оила яшаб келаётгани ҳақида катта репортаж тайёрлаган эди.

Видеорепортаж Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар орасида кўплаб баҳс ва муҳокамаларга сабаб бўлди. Масжид Андижон шаҳри Тахтакўприк маҳалласи Дўстлик кўчасида жойлашган бўлиб, бу ерда истиқомат қилаётган 27 та оилага уй берилгани ҳақида эшитиб, кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Сизга етказадиган хушхабаримиз ҳам айнан шу ҳақида.

Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан 19 та оилага янги қурилган намунали уйлардан, 5 нафарига кўп қаватли уйлардан, 3 нафарига оилавий ётоқхоналардан жой ажратилганлиги маълум бўлди. Фуқароларнинг янги уйларга кўчирилиш ишлари ҳам куни-кеча амалга оширилди.

“Мазкур масжид узоқ йиллар давомида Андижон шаҳар ҳокимиятининг балансида турган бўлиб, бўш турган эди. 2017 йилда кўплаб фуқароларнинг мурожаати билан шаҳар ҳокимияти томонидан бўш турган уйлар уларга вақтинчалик яшаб туриш учун берилди. Фуқароларга шу ер таклиф қилиниб, уларнинг ўз розилиги билан фақат вақтинча яшаб туриш учун топширилди. Бу уйларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, турли сабабларга кўра уйсиз қолган кишилар яшаб келар эди. Кейинчалик ҳокимият уларни имконият доирасида ҳокимият томонидан яшаш шароитини яхшилаш ва албатта, уй-жой билан таъминлашни ўз бўйнига олган эди.

Ушбу жойдан кўчаётган фуқаролар шу кунгча ҳеч қандай тўлов қилишмаган, аммо энди берилаётган янги уйлар давлат ордерига асосан фойдаланиш ҳуқуқи билан берилади. Уйларда ҳамма шароитлар етарли, улар у ерда доимий яшаш ҳуқуқи билан яшайди. Яшагани учун эса квартира ҳақини тўлайди. Шунингдек, ишсиз қолган лекин меҳнатга лаёқатли оилалар аъзолари иш билан ҳам таъминланади”, дейди Андижон шаҳар ҳокими маслаҳатчиси Равшанбек Қобулов.

“Чиройли яхши ниятлар қилиб, энди уй тўйлар қиламан ҳаммани тўйга айтаман”, дея йиғлаб сўзларини ифодалайди янги уйга кўчган фуқаролардан бири.

“Президентга раҳмат, биз уй-жой билан бепул таъминландик. Бундан биз хурсандмиз”, дейди яна бир янги уйга кўчган фуқаролардан бири.

Андижондаги масжид кимники? (журналист суриштируви)

Видеорепортажни кўриш учун бу ерга босинг

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас