Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлиш устида музокараларни бошлади

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан бери 120 тадан ортиқ халқаро ташкилотга аъзо.

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Жаҳон савдо ташкилотига кириш масаласи бўйича астойдил музокаралар энди бошланди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов маълум қилди.

“Ўзбекистон мустақилликка эришгандан бери 120 тадан ортиқ халқаро ташкилотга аъзо. Албатта, ҳар бир ташкилотда Ўзбекистоннинг ўзини манфаати бор ва унга киришдан олдин биз унинг ижобий ва салбий томонларини яхшилаб ўрганганмиз.

Ўргангандан кейин, ўзимизни манфаатимизни кўзлаган ҳолда ўша ташкилотга кирганмиз. Қандай таклиф бўлмасин, албатта, у таклиф чуқур ўйлаб чиқилгандан кейин, тарозига қўйилгандан кейингина қарор қабул қилинади”, деб таъкидлади дипломат.

Илҳом Неъматовнинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистоннинг ЕОИИ ва ЖСТ сингари ташкилотларга аъзо бўлиши масаласи устида Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари бошчилигидаги катта гуруҳ ишламоқда.

“Астойдил музокаралар энди бошланди. Ўзбекистон манфаатларини биринчи галда ҳамма томондан ҳимоя қилиб, келишганимиздан кейингина аъзо бўламиз”, деб қўшимча қилди Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил кузда мамлакатнинг ЕОИИга қўшилиш масаласини ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берганди. Мамлакатда бу интеграциянинг фойдали ва салбий томонлари муҳокама қилиниб, таҳлил қилинмоқда.

ЕОИИ - 2015 йил 1 январдан бошлаб фаолият кўрсатувчи, халқаро интеграция иқтисодий бирлашма ҳисобланади. Иттифоқ таркибига Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон киради.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас