Шавкат Мирзиёевнинг Россияга қачон бориши маълум бўлди

Июньдаги ташриф давомида 88та тадбир бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи 2020 йил июнь ойининг иккинчи ярмида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов хабар берган.

“Бу жуда муҳим ташриф. Барчага маълумки, олий даражадаги ташрифлар аввал муҳокама қилиниб, сўнгра келишилади. РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг Ўзбекистонга ташрифи ва давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев билан учрашуви давомида, ушбу ташриф ҳужжатлар билан боғлиқ тайёргарлик масалалари туфайли кейинга қолдирилиши ҳақида келишилган эди. Россияга олий даражадаги ташрифни июнь ойининг иккинчи ярмида амалга оширишга келишиб олган эдик”, деди Неъматов.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 5 февралида Ўзбекистон президентининг Москвага ташрифи бўлиб ўтиши режалаштирилганди. Аммо кейинроқ бу ташриф номаълум муддатга қолдирилган. 

Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига ташрифи давомида жуда қизғин кечади. Хусусан, ташриф доирасида минтақавий форум, таълим форуми ва медиа форумлар ўтказиш режалаштирилган.

Ундан ташқари Москвадаги ВДНХ боғида жойлашган, яқинда таъмирдан чиққан “Ўзбекистон” павильони ҳам Мирзиёевнинг ташрифи доирасида очилиши режалаштирилган. Июньдаги ташриф давомида 88та тадбир бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 12 февраль куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали гаплашди.

Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан телефонда гаплашди

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас