Видео: Фарғонада иш бошлаган МультиРадар бир кунда 550 та “ўлжа” тутди

МультиРадар ўрнатилган машинлар бир кунда 550 та тезлик билан боғлиқ қоидабузарликларни аниқлади.

Аввалроқ, Водийда Германиянинг “Атлас” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган МультиРадар ўрнатилган “Нексия-3” машиналари фаолиятини бошлагани ҳақида хабар берган эдик.

13 февраль кунидан фаолиятини бошлаган МультиРадар ўрнатилган машиналар бир кунда 550 та тезлик билан боғлиқ қоидабузарликларни аниқлаган. Бу ҳақда Фарғона ЙҲХБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Фарғонада иш бошлаган МультиРадар илк  натижасини бера бошлади. 13 февраль кунидан расман иш бошлаган ҳаракатдаги МультиРадар  1 кунда Фарғона вилояти бўйича 550 та автомашиналарнинг йўлларда тезлик билан боғлиқ қоидабузарликларини аниқлади”, дея хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Мазкур приборлар ўрнатилган автомобиллар Андижон, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятларига берилган. Ҳозирда Фарғона вилоятига 4 та шу русумдаги автомашина келтирилган.

Тезликни оширманг! Йўллардаги МультиРадар нимага керак ва у қандай (пул) ишлайди?

Мазкур автомобиллар Ички ишлар вазирлигининг одатдаги, бизга таниш бўлган автомашиналаридек махсус белгилар, сирена ва бошқалар билан жиҳозланмаган.

“Ушбу автомобилларига ички ишлар органларига бириктирилган махсус давлат рақам белгиларини ўрнатмаслик ва махсус таниқлилик белгилари билан жиҳозланмаслигининг сабаби ушбу автомобиллар Германиянинг "Атлас" компанияси томонидан киритилган инвестиция ҳисобига олинганлиги”, дея жавоб қайтарди Фарғона ЙПХ матбуот хизмати.

МультиРадар бир вақтнинг ўзида олтита полосагача бўлган йўлни бемалол назорат қилади. Прибор фаолиятига инсон омилининг таъсири минимал даражада. Прибор автомашина ҳаракатда бўлган, тўхтаб турган, рўпарангиздан ва ортингиздан келаётган барча ҳолатларда тезлигингизни ўлчаб, меъёрдан ошиш ҳолатларини автоматик равишда қайд этади.

“Албатта, ушбу махсус автомобилларни амалиётда қўллашдан мақсад ҳайдовчиларни жаримага тортиб қийнаш ёки пул ишлаш эмас, балки бугунги кунда йўл-транспорт ҳодисаларининг энг кўп сабабчиси бўлган белгилан тезликни ошириш ҳолатларини камайтиришдир” дейди вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи майор Усмонов Шамсиддин.

Тезликни оширманг! Агар тезликни меъёрдан оширган бўлсангиз, йўлингизда бирорта ҳам ЙПХ инспектори ёки бирор турдаги радар учрамаган бўлсада, уйингизга тезликни оширганлигингиз бўйича жарима қоғози келиб тушса, билингки сиз қаердадир МультиРадар СD билан жиҳозланган автомашина билан тўқнаш келгансиз.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас