ИИВ Андижондаги “самосуд” ҳолати бўйича маълумот берди (видео)

Бу видео ортидан ўсмирнинг ота-онаси бетоб бўлиб қолган.

12 февраль, куни бир қатор ижтимоий тармоқларда қўлида пичоқ тутган ва ниқобдаги бир ўсмирнинг стулда қўли боғланган ҳолда ўтирган тенгдошига қўпол муносабатда бўлиб, уни ураётгани акс этган видео тарқалди.

Видеода ниқобдаги ўсмир пичоқ билан тенгдошининг ҳаётига таҳдид солаётганини кўриш мумкин.

Қўли боғланган ҳолда стулда ўтирган ўсмирнинг юзи ва кийими қонга белангани кўринади. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мазкур видеони ўрганди ва видео бўйича маълумот берди.

Айтилишича, видеодаги ўсмирларнинг суҳбатидан уларнинг Андижон вилоятидан эканлиги аниқланган. Ички ишлар идоралари томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида видеодаги ёшларнинг шахси аниқланган. Видеодаги ҳолат эса мазкур ўсмирлар томонидан саҳналаштирилганлиги маълум бўлган.

Стулда қўли боғлиқ ҳолда ўтириб, жабрланувчи ролини ўйнаган, Шаҳрихон туманида яшовчи 10-синф ўқувчиси С.О.нинг маълум қилишича, видео унинг уйида ҳашар бўлаётган вақтда олинган. С.О. ўз дўстлари билан уйни таъмирлаш ишларини олиб бораётган вақтда, унинг кийимига қизил бўёқ томган ва қонга ўхшаб қолган. Шундан сўнг дўстлар мазкур видеони тасвирга олишга қарор қилган. Унинг айтишича, бу видео ортидан унинг ота-онаси бетоб бўлиб қолган.

Ўсмирларнинг иккинчиси — видеода қўлидаги пичоқ билан акс этган йигит, 2002 йилда туғилган 11-синф ўқувчиси К.Қ.нинг айтишича, улар мазкур видеони шунчаки ўзлари учун тасвирга олган, унинг ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетиши ҳақида ўйламаган.

Мазкур ҳолатни тасвирга олган учинчи ўсмирнинг сўзларига кўра, видеодаги гаплар тўқима бўлган, улар шунчаки видеонинг қизиқ чиқиши учун айтилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Шаҳрихон тумани ИИБ томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиниши учун туман ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияга юборилади.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас