Хоразмда дарахтлар ноқонуний равишда кесилгани аниқланди

Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги Aл-Беруний ёдгорлик мажмуаси ҳудудидаги дарахтлар ноқонуний равишда кесилгани маълум бўлди.

Хоразм вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига Aл-Беруний ёдгорлик мажмуаси ёнида ноқонуний дарахтлар кесилиши тўғрисида мурожаат келиб тушган.

10 феврал куни назорат инспекторлари вазиятни ўрганиш учун воқеа жойига чиқишган. Маълум бўлишича, дарахтлар Урганч шаҳри ободончилик ва кўкаламзорлаштириш уюшмаси ходимлари томонидан ноқонуний равишда кесилган бўлиб, ушбу буйруқни бажариш уюшма хўжайини номидан айтилган.

Ушбу ҳолатда Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги “давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида ёзилган тартиб-қоидалар талаблари бузилган.

Ушбу ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарликка тортилди.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас