Ўзбекистон Жанубий Корея билан меҳнат миграциясига оид келишувни имзолади

Келишувга мувофиқ томонлар 4 йўналиш бўйича ҳамкорлик қилади.

Меҳнат миграциясига оид Ўзбекистон-Жанубий Корея келишуви имзоланди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Жанубий Корея Республикасидаги ваколатхонаси ва Чхонан шаҳри чет эллик ишчиларни қўллаб-қувватлаш маркази ўртасида Корея Республикасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари учун маданий, таълим ва маслаҳат бериш лойиҳаларини тўсиқсиз амалга оширишда ўзаро ёрдам кўрсатиш тўғрисида келишувни имзолаган.

Келишувга мувофиқ томонлар қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорлик қиладилар:

- Ўзбекистон фуқаролари учун корейс тили ва бошқа ўқув курсларини ташкил этиш тизимини яратиш;

- маданий тадбирларни ўтказиш ва ҳамкорликда зарур вазифаларни ҳал этиш;

- Ўзбекистон фуқароларига маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатиш;

- томонларнинг ҳамкорлиги учун зарур бўлган бошқа масалалар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2019 йил 4 июнь куни Катта Квангжу шаҳри Чет эллик ишчиларни қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳам бундай Келишув имзоланган эди.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас