Бу ҳазил эмас: Смартфонлар коронавируснинг янги ташувчиси экани айтилди

Мутахассислар смартфонни дезинфекция қилиш йўлларини тавсия этмоқда.

Оқибати ўлим билан якун топаётган хавфли инфекция коронавирус фақатгина ҳаво-томчи йўли орқали ёки вирус юқтирган киши билан алоқа туфайли юқмайди. Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясининг маълум қилишча, смартфон коронавируснинг ташувчиси бўлиши мумкин.

Мутахассисларнинг ушбу воқеаликка изоҳ беришича, телефонлар корпусида ва айниқса, смартфонлар дисплейида кўп миқдорда чанг, бактерия, сўлак ва бошқа вирус ташувчи моддалар тўпланади. Бундай қурилмани ишлатган одам қўллари билан ўзининг шиллиқ қаватли аъзоларига, лаблари, бурни ё кўзига тегинса, вирус ўтиши мумкин.

Шу аснога кўра, мутахассислар смартфонни дезинфекция қилиш йўлларини тавсия этмоқда. Коронавирус хавфи буткул бартараф бўлиши учун уни 56 даражали ҳароратда ярим соат мобайнида қолдириш керак. Бунда қурилманинг мазкур иссиқликда ишдан чиқиб қолмаслиги энди унинг моделига боғлиқ.

Шунингдек, дезинфекция учун водород пероксиди, сирка кислотаси ёки хлороформ билан яхшилаб артиш ҳам смартфонни коронавирусдан тозалайди.

Цзилинь университети биринчи шифохонаси умумий медицина бўлими бош врачи Инь Хунмэйга кўра, қурилмаларни коронавирусдан тозалаш учун 75 фоизлик спирт билан артиш керак бўлади.

КОРОНАВИРУС

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирус инфекциясининг тасдиқланган ҳолатлари сони 63,8 мингдан ошди, шундан 1 380 киши вафот этди, 6 723 киши шифохонадан даволаниб чиқди.

Хитойдан ташқарида янги коронавирус билан касалланганлар сони 505 нафарга етди, бу Хитойнинг ўзида бўлган ҳолатларнинг 1% дан кам.

2019 йил 31 декабр куни Хитой маъмурлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) мамлакатнинг марказий қисмида Хубэй провинцияси Ухан шаҳрида номаълум пневмония касаллиги ҳақида хабар берди. Мутахассислар касалликнинг қўзғатувчисини аниқладилар - бу 2019-nCoV коронавирус. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг янги турига Хитойда расмий ном берди - COVID-2019.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас