Фарғонада домла профилактика инспекторига пора таклиф қилди

Бўлиб ўтган ҳолат Қувасой шаҳар ИИБ профилактика инспектори томонидан аниқланган.

Жорий йилнинг 30 январ куни Фарғона вилояти Ўртақишлоқ қишлоғида яшовчи, 55 ёшли фуқаро С.M. Қувасой шаҳрида яшовчи, 66 ёшли фуқаро M.M. ҳамда 29 ёшли фуқаро Ю.Г.ларга ноқонуний равишда шаръий никоҳ ўқиган.

Бўлиб ўтган ҳолат Қувасой шаҳар ИИБ профилактика инспектори томонидан аниқланган ҳамда тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган. Фуқаро С.M. унга нисбатан қонуний чора кўрмаслик ва тўпланган ҳужжатларни судга тақдим этмаслик эвазига инспекторга 1.000.000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилади.

Mаҳалла профилактика инспекторининг вилоят ИИБ бошлиғи номига билдиргиси асосида 12 феврал куни Ички ишлар ҳодимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро С.M. инспекторининг хизмат хонасида унга 1.000.000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ушланган. Пуллар эса холислар иштирокида ашёвий далил сифатида олинган.

Mазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси Фарғона вилояти Қувасой шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар бермоқда.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас