БАА Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасини хусусийлаштиради

БАА иштирокида 1 миллиард долларлик капиталга эга The Abu Dhabi Uzbek Fund инвестиция фонди ташкил этилди.

Ўзбекистонда янги ташкил этилган Бирлашган Араб Амирликларининг The Abu Dhabi Uzbek Fund инвестиция фонди Тошкент шаҳридаги Hyatt Regency меҳмонхонасини молиялаштириш ишларини хусусийлаштиради. The Abu Dhabi Uzbek Fund инвестиция фонди 1 миллиард доллар капиталга эга. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бугун, 14 январь куни президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари ва Японияга олий даражадаги ташрифлар якунида эришилган келишувларни амалга ошириш муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда БАА компаниялари билан эришилган келишувлар бугун ўз натижасини бераётгани таъкидланди. “Масдар” компанияси Ўзбекистонда қуёш электр станцияси қурилишига 100 миллион доллар сармоя киритмоқда. 2019 йил октябрь ойида қуёш энергетикасида давлат-хусусий шерикликка инвестициялар жалб қилиш бўйича Ўзбекистон тарихида илк бор ўтказилган очиқ тендерда ушбу компания ғолиб деб топилди. Қурилиш ишлари 2020 йилнинг биринчи чорагида бошланиши кутилмоқда. Бундай ижобий натижалар БАА ҳамда Япония иштирокидаги бошқа кўплаб лойиҳаларда ҳам кузатилмоқда.

БАА иштирокида 1 миллиард долларлик капиталга эга The Abu Dhabi Uzbek Fund инвестиция фонди ташкил этилди. Бугунги кунга келиб ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан кичик ва ўрта лойиҳаларни, шунингдек, Самарқанд шаҳрида меҳмонхона қуриш, Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси хусусийлаштирилишини молиялаштириш маъқулланди.

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) маблағларини жалб қилган ҳолда Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт марказини қуриш ва жиҳозлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) кредит маблағлари ҳисобидан “Маълумотларни сақлаш ва уларга ишлов бериш марказлари (дата-марказлар) ташкил этиш”, “Пакетли коммутация халқаро марказларини кенгайтириш”, “Телекоммуникация транспорт тармоғи ва маълумотлар узатиш тармоғини кенгайтириш”, “Радиотармоқни модернизация қилиш” лойиҳаларини амалга ошириш учун 180 миллион доллар маблағ жалб этишни режалаштирган.

Шу билан бир қаторда, япониялик мутахассис Эцуаки Ёшида Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида вазир маслаҳатчиси сифатида фаолият бошлади.

У АКТ соҳасидаги корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш дастурини амалга ошириш учун хорижий инвестициялар ва халқаро кредит линияларини жалб қилиш масалалари билан шуғулланади. Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонасида таълим, фан ва инновациялар бўйича маслаҳатчи-вакил ҳамда хусусий бизнес билан ишлаш бўйича маслаҳатчи лавозимлари жорий қилинди.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас