“Соғиндик ака!” – Бугун, 14 январь Ватан ҳимоячилари куни!

Кеча, “Тинчлик ортида” фильмини томоша қилдим. Очиғи филмьнинг ҳар дақиқасида юрагим зирқираб турди.

Тинчлик бу энг қимматли неъматлардан бири эканини яна бир бор ҳис етдим. Биз бемалол уйимизда фильм томоша қиламиз, иссиқ ўринларда ором оламиз, қайноқ чой, қаҳва, иссиқ овқат тановвул қиламиз, истаган дақиқада.

Сарҳадларимиз посбонларичи? Совуқ қишда тунда ва тонгда ҳушёр туриб биз учун оромидан кечадилар. Йўқ, биз фақат фильмда кўрганимиз ҳаммаси емас, шунчаки кадрга жойланган кўриниш холос.

Аслидачи? Машаққатлари қанчадан-қанча. Фильмда ярадор сафдошини елкасига кўтарганча, душмандан ҳимояланаётган йигитни кўриб кўзимдан ёш тўхтамай қолди, ҳозир шу сўзларимни ёзарканман қўлларимда титроқ ортмоқда. Чунки менинг ҳарбий акажоним бор.

“Соғиндик акажон” деганимда, бир гапни айтганларини ҳеч унутмаганман. “Синглим тинч-омон юртда саломат яшасанг, соғинч ва меҳр-муҳаббатни доим ҳис қиласан. Бунинг учун аканг доим хизматда бўлиши керак, сен ва сенга ўхшаган сингилларимиз учун”.

Ўзбекистондек гўзал жаннатмакон юртни сақлаётган мардларимиз омон бўлишсин! Сафдошлари ярадор бўлса елкасига кўтариб, жонини сақлашга ҳаракат қилади. Тинчликни бузишга урунган бузғунчилар-чи, ярадор бўлган шеригини керак бўлса отиб ўлдиради. Чунки, тирик қолса сотиб қўйиши мумкин. Билади у юртини, виждонини сотганда шеригини сотмасмиди.

Мина ташласа, сафдошларига ҳам зарар етмаслиги учун кўкси билан тўсган йигитлар-чи, буларга қандай сўз айтамиз? Бу бир жасорат деймизми, ботирлик, мардлик ёки ўлимдан қўрқмаслик. Ўлимни ҳам “мот” қилиб жон бермоқликми, нима дейиш мумкин?

Оддийлар бу ишларни қиладими, мен шундай қила оламанми, дея ҳар бирингиз ўзингизга савол беринг. Азизларим ўша дақиқада мен ўзимни ёв ўқига қалқон қилиб, жон бера олармидим?, деб сўраб кўрингчи. Худо кўрсатмасин, биз қарор қабул қилгунча, ҳамма ёқ кул бўлса керак.

Ҳарбийларимиз шундай инсонлар, улар қарор чиқаришни узоқ кутмайди. Ўлимга ҳам бўй сунмайдилар, Халқни омон сақлаш учун кўксини қалқон этадилар.

Қанчалар фахр ва ифтихорга лойиқсиз Азиз Ватан ҳимоячилари.

Кўз олдимдан кетмай қолган бир ҳолат бор. Aкамнинг формаларини дазмол қилаётгандим ёнимда ўтирган акам оёғидаги пайпоғини ечиб товонига малҳам сурди. Товонлари икки-уч сантимерт чуқурликда кесилган эди. Худди пишиб ёрилган анордай очилиб кетган.

Қарайман, деб дазмолни қўлимга босиб олгандим, қўлим бир неча кун ачишиб юрди. Aка оёғингиз оғримайдими, десам “йўқ ўрганиб қолганмиз” деганди. Қаердан ҳам оғримасин, ахир шунчалар чуқур яра бўлади, оғримайдими?

Ёзу-қиш оғир чарм этиклар формалар. Кўзга чиройли кўринган ўша формани кийиб юриш нафақат масъулиятли, балки мушкул ҳам эканда деган эдим. Ҳизматдан дам олишга келсалар ҳазиллар қилиб, акамнинг формаларини кийиб олаверардим. Ўшанда оёқларидаги яраларни кўрганимдан кейин мен умуман формага қўл теккизмадим, киймадим.

Сабаб бу формани ҳазиллашиб кийиб бўлмас эканлигини тушундим. Формани кийишга матонат керак экан.

Кийим олиш учун бозорга борганимизда, “ўзинг танла сен танлаганингни кияман” деганида бир оёқ кийимга ёпишиб олибман. “Рухсора оёғимга ботади, бу бўлмайди десалар ғалати аҳволга тушгандим”.

Акам ҳам энг сўнгги урфдаги красовка, туфлиларни кийса ярашади. Аммо Ватан олдидаги мажбуриятини, вазифасини адо этиш учун оғир этик ва қалин формани кийишга мажбур. Бунинг ўзи ҳам бир мардона танловда дейман ўзимча.

Бугун, 14 январь Ватан ҳимоячилари куни!

Бу байрам мен учун катта аҳамиятга эга. Балки акам ҳарбий бўлганидан кейин шундай аҳамиятга эга бўлгандир...

Ҳарбий билим юрти курсанти бўлган вақтларида доим ҳам гаплаша олмас эдик, чунки у ҳарбий билим бериладиган маскан. Шанба, якшанба кунларнинг бирида албатта қўнғироқ кутардим.

“Рухсора югур буёққа кел аканг сени сўраяпти”, дея онам қўлимга телефон тутқазардилар. “Ҳа, “ярамас”, “махмадона” яна нималар қилиб, ҳамманинг бошини қотириб юрибсан, миямни ачитганларинг камми сенга”, шунақа ҳазил гаплар билан саломлашар эдик.

Aкамнинг Олий умум қўшин қўмондонлик билим юртини тугатиш маросимида қатнашиш асносида Тошкентга келган эдик. Aка, сиз худди “Сардор” сериалидагига ҳарбийларга ўхшайсиз” деганимни кулиб эслайман. Aхир аввал ҳарбий маросимларда қатнашиб кўрмаган бўлсам...

Ўша пайтларда ҳозиргидек, замонавий телефонлар кам бўлиб, эски фотоаппаратлар урфда эди. Aкам суратга тушуришиммни тайинлаб қўйганлар, мен эса юзлаб лейтенантлар орасидан акамни қидириб ҳеч ҳам топа олмагандим. “Хола акам қаерда нега буларнинг кийими ҳам юзи ҳам бир хил деганман асабийлашиб”.

Чунки яқинларидан бир неча қадам узоқликда саф тортиб турган савлатли чиройли формадаги лейтенантлар ростан ҳам бир-бирига ўхшаб кўринарди. Қарасам, уларнинг орасидан биттаси сафда турган жойида қўлларини қимирлатди, яна тикилиб қолдим.

“Aкамми? Ҳа, акам. Ичидан “махмадона”, “ярамас” сенга расмга ол десам, бидир-бидир қилиб нималар қиляпсан” деётгани аниқ еди.

Ҳар бир курсантга унвон беришди. “Энди аканг лейтенант бўлди”, сингилжон деган эдилар катта акам. Осмонга тинчлик элчилари бўлмиш оппоқ кабутарлар учирилди, саф тортиб боришаркан нимага билмадим, ҳар бир лейтенант чўнтагидан тангаларни олиб сочиб ўтиб кетарди. Бугунги кунгача қанчадан-қанча тадбир маросимларда қатнашган бўлсамда, ҳали бери ҳарбий унвон топширишдек ажойиб маросимни кўрганим йўқ.

Уларнинг кийимлари эмас байрам тадбирлари, ишлари ҳам ўзгача, чунки улар Ватан ҳимоячилари!

Мен нафақат акам билан балки бутун ўзбек ҳарбийлари билан фахрланаман!

Оромидан кечиб юрт тинчлиги, осойишталиги учун хизмат қилган ҳарбийларимиз энг гўзал эътирофларга лойиқ!

Ҳарбий ака-укаларимиз бир йилда бир, икки маротаба яқинлари билан дийдорлашсада, улардаги меҳр-муҳаббат сўнмаган, аксинча оловланган. Болалик хотираларимнинг акам билан боғлиқ чоғларини Сизлар билан ўртоқлашар эканман, акамнинг нақадар соғдил инсон эканлигини эслаяпман. 

Aйни вақтда Самарканд вилояти жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат вазифасини бажариб келаётган акам маёр Шомуродов Ҳамдамбек Ражаббой ўғлини бугунги байрам билан табриклашни истадим.

http://effect.uz/uploads/news/yangi_papka/hamdambek.jpg

Aйёмингиз муборак бўлсин сиздаги мардлик ва ботирлик ўғилларингизда ҳам мужассам бўлсин. Доимо Ватан олдида юзингиз ёруғ, қаддингиз баланд бўлсин!

Табригимни бутун ўзбек ҳарбийлари учун илиндим. Сиз, борсизки Ватан тинч, осмон мусаффо болаларнинг кулгуси шодон, осойишта тунлар, ёруғ кундузлар учун ташаккур. Бахтимизга бор бўлинг, омон бўлинг фахримизсиз Ўзбекнинг мард ўғлонлари.

Рухсора БАҲРОМЗОДА

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас