Ўнлаб автомобиллар иштирокидаги ЙТҲда ҳеч ким ҳалок бўлмади

Ижтимоий тармоқларда “Самарқанд-Қарши” йўлининг Нуробод тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида ўнлаб автомобиллар тўқнашуви юз берганлиги акс этган фотосуратлар тарқалди.

Тарқалган суратларда ўнлаб автомобиллар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берганлигини кўриш мумкин. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати жорий йилнинг 13 январь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган  Самарқанд вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари юзасидан берилган маълумотлар бўйича ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси қуйидагиларни маълум қилди.

2020 йил 13 январь куни соат 13.10ларда Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳудудидан ўтувчи А-378 автомобиль йўлининг 19-километрида ҳайдовчи Т.У. “Камаз” русумли автомобилни “Қарши-Самарқанд” йўналишида бошқариб бораётиб, қалин туман тушганлиги, қор ёғаётганлиги ва кўриниш чекланганлиги сабабли йўлнинг ўнг четига тўхтамоқчи бўлган вақтида, шу йўналишда орқада ҳаракатланиб келаётган “Форд” русумли автомобиль ҳайдовчиси Э.Т. йўлнинг қатнов қисми музлаганлигини инобатга олмаганлиги оқибатида “Камаз” русумли автомобилнинг орқа қисмига урилган, шунингдек, ушбу автомобиль орқасидан бир йўналишда ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи С.О. бошқарувидаги “Нексия” русумли ва яна 10 та турли русумдаги енгил автомобиллар йўлнинг сирпанчиқлиги туфайли кетма-кетликда тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этишган.

Натижада: “Форд” русумли автомобиль ҳайдовчиси Т.Э, йўловчиси Ш.Қ. “Нексия” русумли автомобиль йўловчилари З.Х. ва Р.Ж.лар енгил даражадаги тан жароҳатлари билан касалхонага мурожаат қилишиб, уйларига жавоб берилган.

Бундан ташқари, орадан тахминан 5 дақиқа вақт ўтиб, ҳодиса содир бўлган жойдан 300 метр орқада Қашқадарё вилояти Қамаши туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган ҳайдовчи Э.Б. “Нексия-2” русумли автомобилни “Қарши-Самарқанд” йўналишида бошқариб бораётиб, йўлнинг қатнов қисмидаги музамаликларни инобатга олмаганлигини натижасида шу йўналиш бўйлаб олдинда ҳаракатланиб бораётган Қозоғистон Республикаси Алмаата вилоятида яшовчи, 1990 йилда туғилган ҳайдовчи П.С. бошқарувидаги “Мерседес-Бенц” русумли юк автомобили ярим тиркамасининг орқа қисмига урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Натижада: “Нексия-2” ҳайдовчи Б.Э. “ўнг билак соҳасини синиши”, йўловчиси Н.Х. “кўкрак қафаси ёпиқ шикастланиши, қовурға суякларининг синиши” ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Шуниндек, йўловчилари Қ.Б. ва Р.Ч.ларнинг енгил даражадаги тан жароҳатлари билан касалхонага мурожаат қилишган ва уйларига жавоб берилган.

Ушбу йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳеч ким вафот этмаган. Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Ҳурматли ҳайдовчилар Сизлардан транспорт воситасини бошқариш пайтида, айниқса довон йўлларида ҳаракатланишда мураккаб об-ҳаво шароитини ҳисобга олишларингизни, зарурат бўлмаганда тунгги вақтларда ҳаракатланмасликларингизни, пиёдалардан эса йўлни кесиб ўтишда ўта ҳушёр бўлишларини, катталардан йўлларда болаларнинг ҳаракатини назоратга олишларини сўраймиз”, дея қўшимча қилинади ИИВ ЙҲХББ.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас