Тожикистонда сохта Юлдуз Усмонова концерти ташкилотчиларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Эслатиб ўтамиз, янги йил байрами олдидан Истаравшан шаҳрида шов-шувли концерт бўлиб ўтганди.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Истаравшан шаҳрида сохта Юлдуз Усмонова концерти ташкилотчисига нисбатан жиноят иш қўзғатилди

Сўғд вилояти ИИВ матбуот хизмати раҳбари Акбар Шарифнинг маълумотига кўра, Жамшид исмли шахс - ташкилотчи ролида бўлган Саиджон Ғаниевга нисбатан Жиноят кодексининг 247 - моддасининг 2-қисми (фирибгарлик) бўйича жиноят иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, янги йил байрами олдидан Истаравшан шаҳрида шов-шувли концерт бўлиб ўтганди. Бир оз аввал ўзини Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова деб таништирган фирибгар аёл Тожикистоннинг Истаравшан шаҳри аҳолисини 110 минг сомоний (тахминан 11,5 минг доллар)га чув туширгани ҳақида хабар берилганди.

ВАҚТ ЎТИБ, ВОҚЕА ЯНГИЧА ТУС ОЛДИ

Ўзбекистондан қўшни республикага борган пародист Рустамхўжа Усмонов қандай қилиб Жамшид исмли шахснинг найрангига учганлиги тўғрисида гапириб берди.

“Пародия йўналишида ижод қилаётганимга 10 йилдан ошди. Аммо шу пайтгача бирон марта тўй ёки маросимларга ўзимни Юлдуз Усмонова сифатида таништириб, кириб бормаганман. Беш-олти ой аввал Ўзбекистонда бир тўйга хизматга борган эдик. Ўшанда мени санъаткор Юлдуз Усмонова, деб ўйлашган экан.

Хуллас, ўшанда мени кўрган Жамшид исмли шахс алоқага чиқиб, янги йилга ўртоқлари учун “корпоратив” ташкиллаштираётганини айтиб, Тожикистонга таклиф қилди. Сўнг келишиб олиш учун Ўзбекистонга келди. Банкетдаги хизмат ҳақим 1000 АҚШ доллари бўлишига келишдик”, дея бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берди пародист.

Маълум бўлишича, у жамоаси билан белгиланган кун хизматга борган ва хизматни якунлаб Ўзбекистонга қайтган. Тушга яқин интернетга кириб, ўзи ҳақидаги тарқалган шум хабарларга кўзи тушган.

“Шундан билдим-ки, бизни “корпоратив”га таклиф қилган шахс аслида концерт уюштирганини. Биз бундан бехабар бўлганмиз. Ўша шахс одамларга 300 та билет сотиб, 11 300 доллар фойда қилган экан. Бу ҳақда ўша Тожикистон нашрларида ўқидик”, дея давом этди Рустамхўжа Усмонов.

Ўзини Омон деб таништирган, пародист маъмурининг айтишича, Жамшидга қўнғироқ қилиб, тарқалган миш-мишлар юзасидан изоҳ сўралганда, у “Сизлар хизматингизни қилиб кетдингиз, энди ишингиз бўлмасин, ўзим ҳал қилиб оламан”, дея бақириб гўшакни қўйиб қўйган ва бошқа кўтармаган. У шунингдек, Жамшид исмли шахсдан  жабр кўрган инсонларнинг бари пулларини ундириб олган-олмаганликларини билмаслиги,  шу пайтгача, Ўзбекистондаги ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан чақирув бўлмаганлигини қўшимча қилди.

“Ўзимиз алдов қурбони бўлдик. Бу вазият қандай юз берганини, ҳақлигимизни исботлаб берамиз. Чунки биз ҳеч кимга Юлдуз Усмонова бўлиб билет сотмаганмиз”, деди суҳбат якунида пародист маъмури.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас