“Ипотека-банк” ЎзА орқали Effect.uz’дан раддия беришни сўради

10 январь куни Effect.uz ахборот агентлигида “Эркакни йиғлатган “банкир”лар – Фарғонада “Ипотека-банк” ходими тадбиркорни 600 миллионга “отиб кетди”. Энди унинг тирикчилик манбайи ҳам тортиб олиняпти – Тажовузга учраган журналист суриштируви” сарлавҳаси остида журналистик суриштирув материали эълон қилинди.

Effect.uz олиб борган журналистик суриштирув иши жамоатчилик эътиборида бўлиб, катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Кўплаб интернет фойдаланувчилари гоҳ айб тадбиркорнинг ўзида эканлиги, ишониб қолгани сабаб алданганини таъкидласа, айримлар банкни маъсулиятсизга чиқариб, нима бўлган тақдирда ҳам тадбиркорга ёрдам бериш кераклигини билдириб, қўллаб-қувватловчи фикрларни ёзиб қолдиришди.

Материалда фарғоналик тадбиркор Алишер Муллабоев “Ипотека-банк”нинг Фарғона филиалида ишлаган собиқ ходим Улуғбек Сатторов томонидан алданиб қолгани ва унга банк ходими дея ишонгани сабаб банкдан олган 600 миллион сўм кредитига шахсий мулки бўлган “Ўрикзор” ресторанини гаровга қўйиб бергани ва кредит тўлаш вақти келганда Улуғбек Сатторов Россияга кетиб қолгани, натижада тадбиркорнинг тирикчилик манбайи бўлган ресторан банк томонидан тортиб олингани ҳақида сўз боради.

Эркакни йиғлатган “банкир”лар – Фарғонада “Ипотека-банк” ходими тадбиркорни 600 миллионга “отиб кетди”. Энди унинг тирикчилик манбайи ҳам тортиб олиняпти – Тажовузга учраган журналист суриштируви

Ушбу журналистик суриштирувни олиб бориш жараёнида Effect.uz интернет-нашрининг Фарғонадаги мухбири Элёр Тожибоев ва операторга банк ходимлари томонидан журналистлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолати содир бўлган.

Effect.uz ходимлари мурожаат бўйича изоҳ олиш мақсадида ичкарига кирганида Банкнинг меҳнат мухофазаси ва хавфсизлик техникаси бўлими ходими Элёр Ғофуров жараённи суратга олаётган гуруҳ оператори Муродил Жалолов эгалигидаги техника (видеокамера) ни қўлидан тортиб синдириб, ёки олиб қўймоқчи бўлади.

Элёр Ғофуров Effect.uz операторига ҳеч қандай сўз айтмасдан, ўзини босиб ололмай, тажовузкорона ҳаракатларини давом эттириб, таҳририят мулки бўлган техника воситаси (видеокамера) обьективини қўли билан ёпиб ёхуд куч ишлатмоқчи бўлади.

Ёзиб олинган видеолавҳада банк ходими давлат органи ходимига хос бўлмаган тарзда ҳаракат қилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Журналистик суриштирув ўтказилгач, Effect.uz сайтида ҳолатга оид бўлган видео ва ёзувли материал эълон қилинди. 13 январь куни “Ипотека-банк” ахборот хизмати Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) да чиқиш қилиб, журналистик текширув бир томонлама ўтказилганини важ сифатида кўрсатиб, Effect.uz ахборот агентлигидан ҳолатга муносабат ёки раддия беришни сўради.

“Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банки Effect.uz сайтида “Эркакни йиғлатган “банкир”лар – Фарғонада “Ипотека-банк” ходими тадбиркорни 600 миллионга “отиб кетди”. Энди унинг тирикчилик манбаи ҳам тортиб олиняпти – Тажовузга учраган журналист суриштируви” номли мақола юзасидан “Ипотека-банк”АТИБ Матбуот хизматининг расмий баёноти қуйидагича:

Фарғона вилояти туманлараро судининг 2019 йил 12 июнь куни қабул қилинган кредит ва унга ҳисобланган қарздорликнинг Алишер Атхамбоевич Муллабаевга тегишли бўлган “Ўрикзор”ресторани бино-иншоатига қаратиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори мавжуд. Ҳал қилув қарори 2019 йил 2 июлдан бошлаб кучга кирган. Ундирув ишлари қонун доирасида амалга оширилиши бошланган. Ушбу ҳолатда юзага келган эътирозлар суд орқали ҳал қилинади.

Effect.uz сайти ҳам ушбу ҳолат юзасидан журналистик текширув ўтказишга уриниб, “Ипотека-банк” Фарғона вилоят филиалига мурожаат қилган, банк ходимлари ўз навбатида мазкур жараён суд орқали кўрилаётганлиги сабабли, томонларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи-назаридан ўз ваколатларида бўлмаган маълумотларни тегишли тартибда олиш кераклигини тушунтиришган.

Сайт ходимлари томонидан яхши текширилмаган, асосий ахборот бошқа манбалардан олинган “Эркакни йиғлатган “банкир”лар – Фарғонада “Ипотека-банк” ходими тадбиркорни 600 миллионга “отиб кетди” номли мақолада “журналистик текширув”нинг қоидалари қўпол тарзда бузилганлиги, банк раҳбарияти билан боғланмасдан бир тарафлама хулоса чиқарилганлигини кўришимиз мумкин.

Банк акционерлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш юзасидан кредит ундируви суд орқали гаров мулкига қаратилгандан кейинги жараёнларга банкнинг умуман алоқаси йўқлиги тўғрисида мақолада изоҳ берилмаган.

Ташкилот имижига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бу каби ахборотларни тарқатишнинг қонуний жавобгарлиги борлигини сайт ходимларига яна бир бор эслатиб ўтамиз ва улардан ушбу ҳолат бўйича тегишли тартибда муносабат(раддия) билдиришларни кутиб қоламиз.

Биз барча оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишга ҳамиша тайёрмиз ҳамда улардан жараёнларга холисона ёндашишларини сўраб қоламиз.

Effect.uz “Ипотека-банк” сўраётган жумбоқли раддияни беришдан аввал банк мутассадиларига бир нечта саволлар борлиги ҳамда тез орада материалга кутилаётган муносабат билдирилишини маълум қилади. Фаолиятини ўзгача усулда йўлга қўйган интернет-нашри “Effect.uz”ни кузатаётган, қўллаб-қувватлаётган барчага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз!

Қуйида журналистик суриштирув акс этган тўлиқ видеони кўриш мумкин.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас