“Шерик-да! Шерик” – Абдулла Арипов газ ва “свет” ўғирлаётган корхоналарни номма-ном санаб берди

11 январь куни Бош вазир Абдулла Арипов раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда газ ва электр энергиясига зарар етказаётганлар, уларни талон-торож қилаётганлар хусусида гапирилди.

Бош вазир республиканинг айрим ҳудудларида газ ва электр энергиясини ўғирлаётган корхоналарни номма-ном санаб берган. Улар асосан оҳак, мой, ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналардир.

“Нима, ўша ердаги газчилар билмайдими буни? Ёки Мажбурий ижро бюроси ходимлари қаерга қараяпти? Шерик-да! Шерик! Шунча пуллик газни бир кунда ўғирлаб бўлмайди-ку!”, деди Бош вазир.

Шунингдек, бундай ишларнинг содир бўлишига соҳага адашиб келиб қолган нопок инсонлар сабаб бўлаётгани таъкидланди. Улар бу ишларга шериклиги, ёки ўғирланишга шароит яратиб берилгани айтилди.

Йиғилишда газ ва электр энергиядан ноқонуний фойдаланиб зарар етказаётган истеъмолчиларни мунтазам ОАВда кўрсатиб бориш бўйича ҳудуд раҳбарларига топшириқ берилди.

Шунингдек, Абдулла Арипов замонавий ҳисоблагичлар ўрнатиб энди газ ва электр энергия истеъмоли учун олдиндан тўлов қилиш тизимини жорий этишни таклиф қилди. Бунга истеъмолчилар томонидан қарздорлик кўплигисабаб бўлаётгани айтилди. Шунингдек, Сайхунобод, Дўстлик, Муборак, Оҳангарон туманларида қарздорлик юқори даражада экани таъкидланди. Бунинг олдини олиш учун эса электрон ҳисоблагичлар сони кўпайтирилмоқда.

Хусусан 2019 йилда 2,5 миллионта ана шундай ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлса, бу йили 4,5 миллионтасини ўрнатиш қўзда тутилган.

“Энди истеъмолчи худди уяли алоқа учун олдиндан тўлов қилгани каби, табиий газ ёки электр энергиясига ҳам шундай тўлов қилсин. Шундагина икки томонда ҳам бугунгидек сарсонгарчилик ҳолатлари кузатилмайди”, деди Бош вазир.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас