ОТМда коррупция: Талаба ҳам одамми ёхуд унинг дардини ким эшитади?

Маълумки, Ўзбекистондаги Олий таълим масканларида дарсни қолдирган талабаларга уқутувчи томонидан “НБ” яъни “йўқ” белгиси қўйилади.

Талаба сабабсиз дарсни қолдирадими ёки сабаблими буни фарқи йўқ, “дарсни қолдирдингми тўғирлайсан”, “бу мени муаммойим эмас” каби қабиладиги сўзлар ёд бўлиб кетган. Албатта, талаба базўр қарз-қурс қилиб топган контрактга тўлайдиган пулини, ота-онасини юзини ерга қаратмаслик ва сессияда кўп “санамаслик” учун ўқитувчидан вазифалар ёки ўша мавзуга доир реферат олиб тўғирлашга мажбур бўлади.

Уч йил деганда абутирент статусидан студент статусига ўтдим ва талабалик қийинчилиги қандай бўлишини билдим. Яширмайман контракт пулини тўлашда бироз қийналдим орада хаста бўлиб жуда кўп дарсларни ўтказиб юбордим.

Ваниҳоят контракт пулимни тўлаб бўлдим деганда, олдимда яна бир синов пайдо бўлди, қолдирган дарсларни ўзлаштириш ва қолганларга етиб олиш. Гуруҳ журналини варақлар эканман, фамилям тўғрисидаги шода-шода “НБ”ларга кўзим тушарди.

Биринчи бўлиб тарих фанидан “отработка” қилишга қарор қилдим ва ўқитувчи Лобар Аъзамовага (исми ўзгартирилган) юзландим ва унинг талабини эшитиб сочлариб тикка-тикка бўлиб кетди.

Аъзамова менга ҳар бир “НБ” учун ўша мавзуга доир 30 вароқ реферат ва ёзганларимни таҳлил қилиб айтиб берсам, 3 қўйиб беришини айтди. Тарих фанидан “НБ”ларим 4 тани ташкил қилади, демак мен 4 та НБни тўғирлашим учун 120 вароқ ёзишим керак.

Мен ўқитувчига ҳолатимни тушунтириш йўли билан вазифаларни осонлаштиришни касал бўлганим учун дарсга кела олмаганимни айтдим. Бироқ, у “бу сенинг муаммойинг, мен айтганни қиласан бўлмаса, баҳо қўймайман” дея ўшқириб берди. Мендан ташқари барча дарс қолдирганларга ҳам шундай талаб қўйилди.

Уни йўлакчада тўхтатиб, 15 вароқдан ёзиб келишни ва қолганига оғзаки жавоб беришимни ва шунча қоғоз увол бўлишини айтдим. Афсуски бу уринишим ҳам фойда бермади.

Майли, талабалик шунчалик эканда деб, иккинчи “пара” бўладиган физика хонасига йўл олдим. Дарсда ҳамма бор, физика ўқитувчиси хонага келди, барчадан лабаратория ишини сўради, лекин икки кишидан бошқада лабаратория иши йўқ эди. Чунки, 80 вароқлик лабаратория ишини бажаришга эриндик, ёки бу ҳақиқаттан жисмонан бажарилиши мушкул вазифа.

Дарс лекция сабаб зерикарли ўтаётган эди, бирдан курсдошимдан бири баланд овозда бошқа бир ўртоғимга гапирди. Домла бирданига баланд товушда “жим ўтир” дея гапирди, бунга ўртоғим ҳам жавоб қайтарди ва ўқитувчи “фамилиянг нима? Сени белгилаб қўйдим сессияда мендан кўрасан”, дея сўзини тугатди.

Сизга фақат ва тарих дарсларида бўлаётган ҳолатларни келтириб бердим. Жисмоний тарбия ўқитувчисининг биринчи дарсда 50 минг сўм сўраши, рус факультети талабаси бўлишимизга қарамай дарслар ўзбек тилида ўтилиши, дарс сифати пастлигини айтмай қўяверай.

Биз қилган орзу шуми дея ўзимга савол бераман, гоҳида? Тўғри, биз “Гарвард” ёки “Кембриж”га ўхшаган юқори сифатли таълим Ўзбекистонда жорий қилинишини талаб қилмаяпмиз, аммо тартиб йўқ жойда қандай ўсиш бўлсин?

Юқорида сизларга институтдаги бир куним қандай ўтганини сўзлаб бердим.

Савол, талабанинг ҳар куни қийинчилик билан ўтиши қанчалик адолатдан... Нега, Давлат таълим инспекцияси “НБ” тўғирлаш учун ягона қоида жорий қилмаяпти?

ОТМларда “НБ” тўғирлаш учун талабалар нега ўқитувчининг кайфиятига қараб иш тутиши керак?

Ўқутувчилар нима учун одам ажратяпти? Менга ўхшаб дардини кимга айтишни билмай, 11 млнга яқин контракт тўлаб ўқишдан ҳайдалиб кетган талабалар қанчадан-қанча? 

Нега ўқишдан ҳайдалиш арафасидаги талабаларнинг шарт-шароитлари чуқур ўрганиб чиқилмайди?

Президент Шавкат Мирзиёев ҳатто оғир жиноятларни содир этган маҳбусларни оқламоқда, нега талабаларга ажратилаётган имкониятлар қониқарли даражада эмас? Ўқишдан ҳайдалган кўплаб талабаларнинг, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳақида фожиаларни ОАВда ўқиб турамиз.

Мағрур ёшлар қўни-қўшниси, яқинларига шарманда бўлиш ҳолатидан чўчийди, ота-онасининг кўзига қарашга уялади. Бу билан бошқалар ғурурсиз дейишдан йироқман. Аммо бечора она ўғлини ўқиши учун қулоғидаги зираги, узугини сотса, бемор ота ўғлига кийим олиб берай дея захда кетмон чопиб меҳнат қилса, бундай ўқишни кимга кераги бор! Олий маълумотни мана шундай заҳмати шириндир, аммо узоқ йиллик умрини сарф этиб бўлгач, ота-онасини азобланишиги сабабчи бўлган ўғилни эртага қандай келажак кутмоқда. Биз бу ўғил-қизлардан нимани кутиб яшашимиз керак.

“Поддержка”си йўқ талабалар стипендия (400 минг) ҳисобидан кун кечирарди. 400 минг сўм пулга 30 кун яшашни тасаввур қилиб кўринг.

Ўзбекистонда қанчадан-қанча Олий дипломлилар ишга қабул қилиниши сустлигини айтиш ўринли? Кўплаб дипломлар қаерладир чанг босиб ётганлиги ҳам барчага маълум.

Саволларга жавоб топсак, жамиятда коррупция, суицид, эрта етим бўлиб қолиш каби муаммолар ўз-ўзидан ечим топармикин деган мақсадда ушбу мақолани ёзишга ахт қилдим. Ёзганларим шахсий имхо.

Биламан, бундан аввал ҳам бу таклифлар билдирилган. Мурожаатлар бўлган, ОТМлардаги вазиятлар бўйича маъсуллар хабардор қилинган. Лекин яна бир нарсани биламан, улар ўзларини шунчаки биз каби хабардор кишилар қаторида деб ўйлайдилар афтидан. Йўқ, дейсизми? Агар ростдан ҳам шундай бўлганида мен бугунги мақолани кўзимда ёш билан ёзмаган бўлардим.

Аброр ЭШОНХОНОВ

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас