Фарғона ҳокимининг курсиси қимирлаб қолгани рост(ми)?

Ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари билан жамоатчиликка яхши танилишга улгурган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг курсиси қимирлаб қолди.

Effect.uz манбасига кўра, Шуҳрат Ғаниев Янги йил байрамидан кейин эгаллаб турган лавозимидан озод қилинади. Ҳукумат томонидан Ғаниев Сурхондарё вилоятининг қайси бир туманига ҳоким этиб тайинланиши эҳтимоли катта. Манбанинг айтишича, Шуҳрат Ғаниевнинг Фарғона ҳокимлигидан олиб ташланишига унинг сўнгги вақтдаги хурмача қилиқлари сабаб бўлган.

Ҳоким бундан аввал Олий мажлис Сенати томонидан огоҳлантирилганига қарамай, яна бир мажлисда “блогернинг жанозаси қачон ўқилади?” дея омманинг танқидига учради ва шундан сўнг у журналист ва блогерлар билан учрашув ўтказди.

Аммо ушбу учрашув расмий жиҳатдан ёритилганда ҳокимга ҳеч қайси блогер ёки журналист таҳдидли овоз сизники эдими дея савол бера олмади. Шуҳрат Ғаниев эса учрашувда блогер ва журналистларни ҳурмат қилишини айтиб ўтган.

Айни вақтда Бош прокуратура Фарғона ҳокими Шуҳрат Ғаниевга тегишли экани тахмин қилинаётган овозни ўрганмоқда.

“Бош прокуратура томонидан Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда 2019 йил 14 декабрь куни Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда. Ўрганиш натижалари ҳар томонлама қонун доирасида кўриб чиқилиб, улар юзасидан қўшимча баёнот берилади”, дейилади прокуратура хабарида.

14 декабрь куни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг овози деб айтилаётган аудиоматериал тарқалди. Аудиода овоз эгаси газ таъминотидаги муаммолардан норози бир гуруҳ аҳоли вакиллари ноябрь ойи охирида Қува туманидаги автомобиль йўлларидан бирини тўсиб қўйгани ҳақида гапиради ва ушбу туман ҳокими Равшан Қурбоновдан бу воқеаларни видеога олган шахснинг “жанозаси қачон ўқилиши”ни сўрайди.

“Чора кўриш эмас бу, жанозаси ўқилса кейин ҳисоб энди уни”, дейди овоз эгаси бу борада чора кўрилганини айтган туман ҳокимининг жавобидан қониқмай.

Маълум бўлишича, бу ҳодиса Ғаниев 2 декабрь куни ўтказилган селектор йиғилишида бўлиб ўтган.  Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати бу аудиони сохта ва “пранкер” (овоз ўхшатувчи)лар томонидан тайёрланган, дея муносабат билдирди.

“2 декабрда айтилган деб иддао қилинаётган аудио ёзувдаги овози ўхшатилган сўзлар бирон бир селектор йиғилишида Шуҳрат Ғаниев томонидан айтилмаган. Ғаниев журналист ёки блогерларга нисбатан босим ёки тазйиқ ўтказмаган, Қува тумани ҳокимига бу ҳақда ҳеч қачон танбеҳ бермаган”, дейилган ҳокимлик билдиришида.

Кейинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев прокуратурадан Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан боғлиқ навбатдаги шов-шувли ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришни сўради.

18 декабрь куни бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Шуҳрат Ғаниев билан боғлиқ вазиятга муносабат билдириб, “қонунни бузган шахс ким бўлишидан қатъи назар қонун олдида жавоб бериши керак”лигини таъкидлади.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов Бош прокуратура Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бўйича суриштирув бошлагани ҳақида маълумот берганди.

Шу йилнинг сентябрь ойида Шуҳрат Ғаниев Фарғона вилоятида аёлларнинг рўмол ўрашига қарши кампания эълон қилгани янграган аудио тарқалгандан кейин ҳоким Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси йиғилишида узр сўраган, унга қаттиқ огоҳлантириш ва 3 ой синов муддати берилганди.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас