Алламжонов ва Мирзиёева Тошкентдаги Ноширлик матбаа соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш коллежини очиб берди

Бугун, 5 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тасарруфидаги Ноширлик матбаа соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш коллежининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда АОКА матбуот хизмати хабар бермоқда.

Муассаса биноси 540 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, бино қисқа вақт ичида тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилди. Халқаро таълим стандартларига мос шарт-шароитлар, дарсхоналар ва ўқув лабораториялари яратилиб, таълим маскани замонавий техника ва жиҳозлар билан таъминланди.

Билим даргоҳида соҳага оид китоб ва электрон дарсликлар фондига эга катта ахборот-ресурс маркази, компьютер ва ўқув-амалиёт хоналари, кичик босмахоналар, барча шароитларга эга спорт зали ўқувчиларга хизмат кўрсатади.

“Агентлигимиз тасарруфидаги Ноширлик коллежининг капитал таъмирдан чиқарилган биносини ўқувчилар учун фойдаланишга топширдик. Коллеж келгусида етук матбаачилар ва ноширларни тайёрлайдиган муҳим масканга айланади, деб ишонаман. Бунинг учун барча шароит ва имконият етарли”, дея изоҳ қолдирган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов.

Ушбу коллежда бешта йўналиш – “Матбаа ишлаб чиқариш техник-технологи”, “Дастурий инжиниринг техниги”, “Кенг ассортиментдаги кийимлар конструктори”, “Ахборот ресурс маркази кутубхоначиси”, “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” бўйича мутахассислар тайёрловчи ҳамда Ўзбекистон ва Марказий Осиё матбаа-ноширлик соҳасининг тарихи ва бугунидан ҳикоя қиладиган “Матбаа тарихи” музейи ҳам ташкил этилган.

Шунингдек, тадбирда агентлик директори ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам сўзга чиқиб, муассаса ўқувчиларига улкан зафарлар тилади.

“Ноширлик-матбаа коллежининг янгиланган биносини тантанали равишда очдик. Агентлигимиз қошидаги ушбу ўқув муассасаси янги моддий-техник базага, ўқувчи ва ўқитувчилар эса ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун янада кенг имкониятларга эга бўлди. Коллежнинг янги биносида таҳсил олишни бошлаётган йигит-қизларга эса катта муваффақиятлар тилайман. Мен ишонаман, барчаси қўлингиздан келади! Асосийси - орзу қилинг, маррани баланд олинг ва мақсад сари қатъий интилинг!”, деди Саида Мирзиёева.

Эндиликда “Ўзбекистон”, “Ўқитувчи”, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари ҳамда “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси ўқув муассасасининг ҳамкор ташкилотлари этиб белгиланди. Коллеж ўқувчилари олган назарий билимларини ушбу ташкилотларда амалий машғулотлар билан янада мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади.

Мазкур таълим маскани 1970 йил Тошкент матбаа техникуми номи билан фаолият бошлаган. Ўрта махсус таълим марказининг 2004 йил 27 январдаги 16-сонли буйруғига асосан, техникумга “Тошкент матбаа-ноширлик касб-ҳунар коллежи” мақоми берилган.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 2 февралдаги фармонига мувофиқ, коллеж Ноширлик матбаа соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш коллежига ўзгартирилди ва Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига тасарруфига ўтказилди.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас