Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати янгиланиб, ортиқча оворагарчилик ва бюрократик тўсиқларга чек қўйилади, дея хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Айрим дори воситалари шифокор тавсиясисиз истеъмол қилинса, инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Аммо баъзи препаратларни дорихоналардан ҳеч қандай чекловларсиз, яъни рецептсиз харид қилса бўлади.

Жорий йилнинг июль ойидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи асосида Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати кескин камайтирилиши кичик муаммоларга сабаб бўлди. Унда монопрепаратлар позицияси 105тага, мажмуавий препаратлар рўйхати эса 118тага қисқарган.

Темпалгин, мукомилт, дексафлю, табекс каби қатор препаратларни чет эл дорихоналаридан ҳеч қандай чекловларсиз харид қилса бўлади. Бизда бунинг учун рецепт сўралади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ана шу муаммоларга ечим топиш учун келиб тушаётган эътироз ва мурожаатлар, қолаверса, халқаро амалиёт ҳамда хорижий тажрибани чуқур ўрганган ҳолда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда амалда бўлган Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини бекор қилиб, уни янгилаш бўйича буйруқ лойиҳасини ишлаб чиқди. Унга мувофиқ,  рецептсиз бериладиган препаратлар рўйхати кенгайтирилмоқда.

Янги буйруқ яқин кунларда regulation.gov.uz порталида муҳокамага қўйилади ва Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олингач, кучга киради.