Бугун, 25 ноябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари Парламентлараро Ассамблеясининг кузги сессияси доирасида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида “Соғлиқни сақлаш хизматлари билан умумий қамров ва барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Ялпи мажлисни МДҲ ПА Кенгаши раиси Валентина Матвиенко очиб берди ва мавзунинг долзарблигини қайд этди, шунингдек, Covid-19 пандемиясига қарши курашишнинг учта жиҳатини ажратиб кўрсатди. Булар: вакцинадан фойдалана олиш, фавқулодда вазиятлар юзага келганда унга чора кўриш самарадорлигини ошириш ва аҳолини соғлиқни сақлаш хизматлари билан имкон қадар кенгроқ қамраб олиш.

Конференция ишида МДҲ ПА парламентлар делегациялари раҳбарлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси раҳбарияти иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Тадбир давомида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ҳам маъруза билан сўзга чиқди. Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш даражасини янада ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қайд этиб, мамлакат соғлиқни сақлаш бўйича БРМга эришиш борасида ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр эканини, шунингдек, профилактика чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, шу жумладан юқумли ва ирсий касалликлар тарқалишига қарши курашиш бўйича ҳамкор мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганишдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси раҳбари соғлиқни сақлаш хизматлари билан умумий қамров муаммоси долзарблигини инобатга олиб, ушбу масалага бағишланган форумни мунтазам равишда ўтказиш таклифини билдирди.

Сўзга чиққанлар Covid-19 пандемияси давлатлар ҳаётининг барча жабҳаларига жиддий таъсир кўрсатганини, халқаро ҳамжамият учун асосий муаммога айланганини таъкидлади. Иштирокчилар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси ва МДҲ ПА ўртасидаги очиқ мулоқот ушбу йўналишдаги кўплаб саволларга жавоб топишга ёрдам беришини таъкидлаб ўтди.

Конференция доирасида “Жамият соғлиқни сақлаш хизматлари ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқини қонунчилик йўли билан таъминлашда парламентларнинг ўрни”, “Соғлиқни сақлаш хизматлари билан умумий қамров ҳуқуқи: сифатли тиббий-санитария ёрдамидан ҳамманинг фойдалана олиши ва молиявий хавфлардан ҳимояланиш” мавзуларида мунозаралар ўтказилди.