Осиё тараққиёт банки Тошкент вилоятида ишончли сув таъминоти ва канализация хизматларидан фойдаланишни яхшилайдиган оқава сувларни бошқаришнинг интеграциялашган тизимини ривожлантиришга кўмаклашиш учун 161 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизматига таяниб “Газета.uz” хабар бермоқда.

Лойиҳа доирасида Оҳангарон, Олмалиқ, Ангрен, Бекобод, Чирчиқ, Янгийўл ва Чиноз шаҳарларининг марказлашган оқава сув тизимлари модернизация қилинади. Шунингдек, тозалаш иншоотлари ва канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, 800 мингдан ортиқ аҳоли учун сув ҳисоблагичларини ўрнатишни қўллаб-қувватланиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Чиноз, Янгийўл ва Зангиота туманларидаги 70 та қишлоқ аҳоли пунктларида 136 минг нафар аҳолига септиклар ўрнатилиб, марказлаштирилмаган канализация тармоқларига кириши таъминланади.

Ушбу лойиҳа сув ва канализация бошқаруви учун сунъий интеллект, масофавий датчиклар каби рақамли технологияларни ўз ичига олган ақлли ечимларни намойиш этади”, — деди ОТБ шаҳарсозлик бўйича катта мутахассиси Жунг Хо Ким.

ОТБ, шунингдек, институционал ислоҳотларни амалга ошириш ва салоҳиятни ошириш учун 800 минг АҚШ доллари миқдоридаги техник ёрдам грантини тақдим этади.