Қирғизистонда ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш ҳаракати бостирилди. Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (ГКНБ) матбуот марказига таяниб, “ТАСС” Ахборот агентлиги хабар берди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда мамлакатда ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишни режалаштирган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди, дейилади хабарда.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида қайд этилганидек, ушбу режаларни амалга ошириш учун гумонланувчилар 1000га яқин “тажовузкор ёшлар”ни жалб қилмоқчи бўлган. Гуруҳнинг жиноий фаолиятининг олдини олиш мақсадида 26 ноябрь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва ИИВ терговчилари томонидан фаол иштирокчиларнинг яшаш жойлари ва улар ижарага олган ишхонада тинтувлар ўтказилди.

Улардан жиноятга тайёргарлик кўрилганлигини тасдиқловчи ҳужжатли материаллардан ташқари, ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ҳамда гиёҳванд моддалар топилган ва олинган.

Ушбу иш доирасида 15 киши ҳибсга олинган. Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, юқорида кўрсатилган жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари аниқланиб, уларнинг ҳаракатларига ҳам тегишли ҳуқуқий баҳо берилади.