Аввал хабар берганимиздек, Европа қитъасида ЖЧ-2022 саралаши доирасида гуруҳ босқичи баҳслари якунига етди. Ушбу босқичда 10та гуруҳ ғолиблари тўғридан-тўғри Қатарда бўлиб ўтадиган Мундиал йўлланмасини қўлга киритишди.

Яна 3та йўлланма эгаси эса плей-офф босқичи ўйинлари орқали аниқланади. Плей-оффда эса 12та жамоа иштирок этади. Ушбу босқичга қуръа ташлаш маросими бугун — 26 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Саралашда иштирок этадиган жамоалар

Саралашнинг 10та гуруҳида 2-ўринни эгаллаган жамоалар плей-офф босқичи йўлланмасини қўлга киритишди.

Шунингдек, УЕФА миллатлар лигаси-2020/2021да ўз гуруҳларида биринчи ўринни олган, аммо ЖЧ-2022 саралаш гуруҳида дастлабки 2та ўриндан бирини эгалламаган ва рейтингда юқори ўринни эгаллаган 2та терма жамоага плей-оффда иштирок этиш имконияти берилди. Бу 2та ўринни Австрия ва Чехия терма жамоалари эгаллашди.

Мазкур 12та жамоа гуруҳ босқичида кўрсатган натижаси (очко, тўплар фарқи, урган голлари сони ва ҳоказо) асосида 2та саватчага ажратилди.

1-саватча: Португалия, Шотландия, Италия, Россия, Швеция, Уэльс

2-саватча: Туркия, Польша, Шимолий Македония, Украина, Австрия (УЕФА миллатлар лигаси орқали), Чехия (УЕФА миллатлар лигаси орқали)

Қуръа тартиби: Дастлаб юқори саватча вакиллари тортилади. Сўнгра иккинчи саватча жамоалари қуръада тортилиб, бирин-кетин биринчи саватча термаларига рақиб бўлишади. Шу тариқа, 6та жуфтлик аниқланади. Ўйин 1-саватча вакили майдонида ўтказилади. Ғолиб жамоа кейинги босқичга йўл олади.

Биринчи босқичдаги дастлабки 2та жуфтлик ғолиблари ЖЧ-2022 йўлланмаси учун тўқнаш келишади (“А” йўл). Шу тарзда 3 ва 4-жуфтлик (“B” йўл), 5 ва 6-жуфтлик (“C” йўл) ғолиблари иккинчи босқичда ўзаро тўқнаш келишади ва Мундиал йўлланмаси учун курашишади.

Иккинчи босқичда ҳар бир “йўл” мезбонини аниқлаш учун алоҳида қуръа ташланади.

Чеклов: Украина ва Россия терма жамоалари плей-офф босқичида ўзаро тўқнаш келишмайди.