Андижон вилоятида 9 ёшли қизчага 17 маротаба пичоқ уриб, ўлдирган аёлга ҳукм чиқарилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситаларида Андижон вилоятининг Асака туманида 9 ёшли қизалоқнинг ваҳшийларча ўлдирилгани ва мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тергов ҳамда суд жараёнлари ҳақида хабарлар, турлича муносабатлар баён этилган фикрлар кенг тарқалган эди.

Мазкур ҳолат бўйича Бош прокуратура томонидан расмий баёнот берилиб, унда Андижон вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 5 майдаги  Асрорахон Хамдамовага нисбатан чиқарган оқлов ҳукмига Андижон вилояти прокурори томонидан протест келтирилганлиги, Олий суднинг якуний тўхтамидан кейингина жиноят иши бўйича қўшимча равишда тегишли муносабат билдирилиши ҳақида маълум қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан жорий йил 25 ноябрь куни протест қаноатлантирилди. 

А.Хамдамова Жиноят кодексининг 97-моддаси иккинчи қисми ва бошқа моддалар билан айбли деб топилиб, унга нисбатан узил кесил 12 йил 4 ой 24 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди“, – дейилади хабарда.