Коррупцияга қарши кураш агентлиги матбуот котиби Дурдона Очилова капитал қурилиш соҳасида “коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари ижроси юзасидан ўтказилган брифингда маълумот бериб ўтди.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан 2021 йилнинг 6 ойида 461,3 млрд. сўмлик қийматдаги давлат харидлари юзасидан 59та қурилиш объектларида ўрганиш ўтказилди.

– Ўрганишлар мобайнида Жиззах вилоятида 19та объектда 6,3 млрд. сўмлик қурилиш ишлари тўлов ҳужжатларига асоссиз қўшиб ёзилганлиги, 941,1 млн. сўмлик ишлар сифатсиз бажарилганлиги, Андижон вилоятида 4та объектда 57,9 млн. сўмлик ишлар сифатсиз бажарилгани, 1,4 млрд. сўмлик аслида бажарилмаган ишлар ҳисобот ҳужжатларига қўшиб ёзилганлиги  аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилган.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш белгиланган эди.

Шунга мувофиқ, қурилиш соҳасида коррупция ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, мазкур йўналишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали тизимдаги жараёнларнинг барча босқичида шаффофликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги қарори билан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатларини жамоатчиликка онлайн режимда тақдим этиш имконини берувчи “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизими ишлаб чиқилди, шунингдек, Қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази ташкил этилди.

“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими доирасида “Қурилиш сифат назорати”, “Лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизаси”, “Лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертиза хулосалари”, “Инвестиция дастуридаги объектлар қурилиши мониторинги” ҳамда “Қурилиш соҳасида давлат хизматлари” каби ахборот тизимлари ишга туширилди.

Лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида Лойиҳа-қидирув ва

Қурилиш-пудрат ташкилотларининг электрон рейтинги жорий этилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги қарори билан “Қурилиш соҳасида танловларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги вақтинчалик Низом тасдиқланди.

Давлат буюртмачиларининг ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 2500 бараваридан ортиқ бўлган танлов ҳамда тендерлар “tender.mc.uz” электрон портали орқали амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мазкур электрон платформада ўтказилган давлат харидлари натижасида 980 млрд.сўмдан ортиқ бюджет маблағлари иқтисод қилинишига эришилди.

Қурилиш-монтаж ишлари устидан назорат ўрнатиш, объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёнларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида 2020 йил 1 апрелдан бошлаб, давлат қурилиш назоратининг такомиллашган янги тартиби ишлаб чиқилди. Шунингдек, “Қурилишдаги назорат” тизими ишга туширилиб, республика бўйича 32800 нафар фойдаланувчи назорат фаолиятини юритмоқда.

Жорий йилнинг 6 ойи давомида Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан 8161 та қурилиш-монтаж ишларини бошлаш тўғрисида хабарномалар юзасидан 3974 та объектда буюртмачилар ҳудудий инспекцияларни хабардор қилмасдан қурилиш-монтаж ишларини бошлаб юборгани аниқланган. Шу билан бирга, 7833 та қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича 2928 та объект фойдаланишга тайёр ҳолда эмаслиги, 2428 та объектда синов ишлари амалга оширилмаганлиги ҳамда 5356 та объектда қурилиш-монтаж ишлари якунига етказилмаганлиги маълум бўлган.

Таъкидлаш жоизки, соҳада маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, рухсат этиш ва лицензияга доир тартиб-таомилларни соддалаштиришга  қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 августдаги қарори қабул қилиниб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун фақат “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали берилиши  йўлга қўйилди. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга “YERELEKTRON” ахборот тизимида таклифлар киритиш ҳуқуқи берилди.

“Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида Қурилиш вазирлиги тизимида KPMG (Италия) халқаро аудиторлик компанияси экспертлари иштирокида коррупцияга қарши курашиш “комплаенс-назорат” тизимини жорий этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Ушбу чора-тадбирлар доирасида тизимда юзага келаётган коррупцион ҳолатларнинг 70 та сабаби аниқланди ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан 50 та тавсия ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ҳисоб Палатаси ва Бош прокуратура билан ҳамкорликда Қурилиш вазирлиги тизимида Яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Унга кўра, Қурилиш соҳасини тартибга солувчи 25 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 30 та ички идоравий ҳужжатлар таҳлил қилиниб, 126 та эҳтимолий коррупцион хавфлар аниқланди ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Бироқ, қурилиш соҳасида ўтказилган ўрганиш ҳамда мониторинглар натижаси объектларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашда, шунингдек, қурилиш соҳасида танловларни ташкил этиш ва ўтказишда коррупцион омиллар, қонунбузилиш ҳолатлари, бюджет маблағларини самарасиз сарфлаш, ўзлаштириш билан боғлиқ салбий ҳолатлар ҳамон сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2021 йилнинг 6 ойида 461,3 млрд. сўмлик қийматдаги давлат харидлари юзасидан 59 та қурилиш объектларида ўрганиш ўтказилди.

Ўрганишлар мобайнида Жиззах вилоятида 19та объектда 6,3 млрд. сўмлик қурилиш ишлари тўлов ҳужжатларига асоссиз қўшиб ёзилганлиги, 941,1 млн. сўмлик ишлар сифатсиз бажарилганлиги, Андижон вилоятида 4та объектда 57,9 млн. сўмлик ишлар сифатсиз бажарилгани, 1,4 млрд. сўмлик аслида бажарилмаган ишлар ҳисобот ҳужжатларига қўшиб ёзилганлиги  аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилган.

Хоразм вилоятида вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК буюртмачилигидаги қиймати 20,4 млрд. сўмлик “Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш” объекти ўрганилганида тендер ғолиби бўлган ташкилот таъсисчиси Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари ва  тендер комиссияси раисининг яқин қариндоши,  яъни туғишган укаси эканлиги маълум бўлган.

Бундан ташқари, бюджет буюртмачилари томонидан қурилиш бўйича “dxarid.uz” ва “tender.mc.uz” порталида жойлаштирилган эълонлар жойларга чиққан ҳолда ўрганилганида, республиканинг 10 та вилоятида жами қиймати 81,9 млрд. сўмлик 137 та қурилиш объектларида танлов ва тендерлар юзасидан ғолиблар аниқланмасдан қурилиш ва жорий таъмирлаш ишлари бошлаб юборилганлиги ёки якунланганлиги аниқланиб, мазкур қонунбузишлар бўйича жами 28 та материаллар прокуратура органларига юборилди.

Шунингдек, “tender.mc.uz” электрон портали орқали амалга ошириладиган тендер савдолари мониторинги ва таҳлиллар натижасида ҳам тизимда бир қатор камчиликлар ва коррупциявий хавф-хатарлар мавжудлиги аниқланди:

Биринчидан,  “Қурилиш соҳасида танловларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги вақтинчалик Низомда харид комиссияси аъзоларининг аниқ вазифалари кўрсатилмаган;

Иккинчидан, Қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтинг мезонларида қурилиш пудрат ташкилотларининг фаолиятидаги салбий кўрсаткичларни, яъни шартнома шартларини бажармаганлиги, солиқ ва банкдан қарздорлиги, муддати ўтган кредитларнинг мавжудлиги, маъмурий ёки жиноий иш қўзғатилганлиги кабиларни баҳолашга эътибор қаратилмаган;

(Мисол учун: Баҳолаш мезонида жиноят иши қўзғатилганлиги бўйича балларни пасайтириш назарда тутилмагани оқибатида Агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлар якунига асосан МЧЖ раҳбари ва бошқаларга 2021 йил 18 мартда ЎзР ЖКнинг 167, 228-моддалари билан 2 та жиноят иши қўзғатилган бўлса-да, 2021 йил 30 апрелда умумтаълим мактабини таъмирлаш бўйича ўтказилган тендерда мазкур МЧЖ яна ғолиб деб топилган).

Учинчидан, “Шаффоф қурилиш” тизимида маълумотлар ҳаққонийлигини текширувчи функциянинг мавжуд эмаслиги ташкилотлар томонидан ишчилар, транспортлар сони, молиявий кўрсаткичлар ва бошқалар бўйича сохта маълумотлар бериш хавфини келтириб чиқармоқда.

Тўртинчидан, Қурилиш ташкилотларининг рейтинг кўрсаткичлари қанча муддатга берилиши, қанча муддатда ўзгартирилиши аниқ белгиланмаганлиги, баҳолаш жараёнларида иштирокчилар рейтинг кўрсаткичлари ўзгаришига, тендерларда мағлуб бўлишига сабаб бўлмоқда;

(Мисол учун: Тошкент вилоятида 50,7 млрд. сўмлик қурилиш объекти бўйича ўтказилган тендерга МЧЖ “В” категория билан кириб, баҳолашда Қурилиш вазирлиги томонидан “ССС” категорияга қайта баҳолангани оқибатида мазкур МЧЖ мағлуб бўлган).

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган ўрганиш, таҳлил ва мониторинг натижаларидан келиб чиққан ҳолда қурилиш соҳасида коррупция омиллари, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, қурилиш жараёнларининг барча босқичида жамоатчилик учун шаффофликни таъминлаш ҳамда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқилди”.