Туркманистон билан автомобиль транспортида халқаро юк ташувларини амалга ошириш учун “Хўжайли” ва “Шовот” чегара ўтказиш пунктларида контактсиз юк ташувлари йўлга қўйилади, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати.

Бу билан, бугунги кунда халқаро юк ташувлари учун фаолият юритаётган “Олот” чегара ўтказиш пунктига қўшимча равишда яна 2та чегара ўтказиш пункти фаолияти қайта тикланади.

Жорий йилнинг 18 ноябрь куни транспорт ва логистика масалалари бўйича ўзбек туркман ишчи гуруҳининг учрашуви бўлиб ўтган эди. Видеоконференция алоқа шаклида бўлиб ўтган мазкур учрашув давомида келишилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бугун “Хўжайли – Куня-Ургенч” ҳамда “Шовот – Дашогуз” чегара ўтказиш пунктлари иш фаолияти халқаро юк ташишлар учун нейтрал зонада тиркама ва ярим тиркамаларни контактсиз алмашиш йўли орқали ташкил этиш бўйича синов ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур чегара ўтказиш пунктлари коронавирус пандемияси сабаб амалиётга жорий этилган чеклов чоралари натижасида 2020 йилда ёпилган эди.

Ҳозирда Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ҳамда ДХХ чегара қўшинлари “Хўжайли – Куня-Ургенч”, “Шовот – Дашогуз” ўтказиш пунктлари иш фаолиятини жорий йил 26 ноябрдан санитария-эпидемиология тадбирларига қатъий риоя этган ҳолда нейтрал зонада тиркама ва ярим тиркамаларни контактсиз алмашиш йўли билан қайта тиклаш юзасидан Туркманистоннниг тегишли вазирлик ва идоралари билан ҳамкорликдаги сайъи-ҳаракатларни давом эттирмоқда.