Фарғонада Сенат ишчи гуруҳи томонидан газ балонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситалари хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалдаги қонунчилик талабларининг вилоятдаги ижроси муҳокамаси ўтказилди. Бу ҳақда Effect.uz журналисти Ҳамиджон Аҳмедов.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида Фарғона шаҳридаги “Тадбиркорлар уйи”да видеоселектор тарзида йиғилиш ташкил этилди.

Унда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг транспорт воситалари техник ҳолати ва ускуналарга доир талабларга оид қисмининг Фарғона вилоятидаги ижро этилиш ҳолати яъни газ балонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситалари хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар муҳокама қилинди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси – ишчи гуруҳ раҳбари Қутбиддин Бурхонов ҳамда қўмита раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров, вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссиялари раислари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, туман ва шаҳарлар студияларидан тегишли мутасаддилар қатнашдилар.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов сенаторлар, қўмита аъзолари, республика вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда вилоятдаги тегишли бошқарма ва ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан 23 ноябрь куни Фарғона вилоятининг барча ҳудудларида ўрганишлар олиб борилганлигини айтиб ўтди.

Вилоятда Қонун ижросини таъминлаш мақсадида тегишли йўналишларда муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситалари хавфсизлигини таъминлаш бўйича талабларини, аввало, мутахассислар ва масъулларга, қолаверса, транспорт эгаларига мунтазам равишда тушунтириш ишлари йўлга қўйилган.

Шунингдек, автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш тартибини соддалаштириш бўйича қатор ташкилий чоралар кўрилган, бу борада юридик ва жисмоний шахсларга кўшимча қулайликлар яратилган.

Натижада бугунги кунда Фарғона вилоятида жисмоний шахсларга тегишли 341 820 та автотранспорт воситасининг 249 664 таси, яъни 73 фоиз ва 31 814 та юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситаларининг 29 214 таси, яъни 91,7 фоиз газ баллонлари билан жиҳозланган.

Вилоятда жорий йил 1 ноябрь ҳолатига 22 та тадбиркорлик субъекти автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланиб келмоқда ва уларнинг барчасига Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг “Техник кўрик” автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш имконияти яратилган.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан 16 та тадбиркорлик субъектига автотранспорт воситаларида ўрнатилган газ баллони ускуналарини синовдан ўтказиш учун рухсатнома берилган.

Йиғилишда олиб борилган ишлар билан бир қаторда баъзи камчилик ва муаммолар борлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.

Вилоятда йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича олиб борилаётган ишлар ва бошқа яна бир қатор масалаларда масъулларнинг ахборотлари ҳам эшитилди.

Якунда савол-жавоблар ва билдирилган таклифлардан келиб чиқиб олдинда турган вазифалар келишиб олинди. Мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.