Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Нурафшон шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирмоқда. Бу ҳақида Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Вилоят ҳокимига шаҳар марказида бунёд этилган “Амфитеатр” биносини қайта таъмирлаш ҳамда атрофида кўнгилочар масканларни ташкил этиш юзасидан амалга ошириладиган лойиҳа тўғрисида маълумот берилди.

Айтиш жоизки, мазкур лойиҳанинг қиймати 2,250 млрд. сўм бўлиб, 2022 йилнинг апрель ойида ишга туширилиши кўзда тутилган. Бино ва унинг ҳудуди тўлиқ фойдаланишга топширилгач 150та иш ўрни яратилади.

Шунингдек, мазкур масканга шаҳарга ташриф буюрадиган меҳмонларни қабул қилиш ва аҳолининг мазмунли хордиқ чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилиши кўзда тутилган.

Ҳар бир йўналишда билим ва тажрибага таяниб иш олиб бориш лозим бўлади. Айниқса, қурилиш масаласида талабим жуда қаттиқ. Ишни ташкил қилиш, уни охирига етказиш алоҳида масала. Аммо амалга оширилган лойиҳалар бугунги замон талабига жавоб бермаса, аҳолига манзур бўлмаса кўзланган мақсадга эришилмаган бўлади.

Масалан, ушбу “Амфитеатр” биносини олайлик, ишга тушганидан буён саноқлигина тадбир ташкил этилган экан. Бу ерга келган аҳолига ижобий кайфият уйғотадиган жиҳат борлигини ҳеч ким тушунтириб беролмайди”, — деди Зойир Мирзаев.

Маълумот учун, айни кунларда “Амфитеатр” биносида қурилиш-монтаж, коммуникация тармоқларини ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.