Қашқадарё вилояти Китоб тумани 2-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби собиқ директорига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Китоб тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, ушбу воқеа Жиноят ишлари бўйича Китоб тумани судида Ғ.Остонов раислиги остида ушбу ҳолатга оид суд иши кўриб чиқилган.

Унга кўра, судланувчи М.Х Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳамда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори М.Х ўз хизмат хонасида фуқаро У.Б.дан спорт мураббийи лавозимига ишга киритиб қўйиш учун 1 миллион 500 минг сўм миқдордаги пулни пора тариқасида олаётган вақтида қўлга олинган.