Абдуқодир Тошқулов бир вақтнинг ўзида бир нечта муаммоларга эътибор қаратиб, интернет тезлиги пастлигига алоҳида урғу берди.

Олий ва ўрта таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ТДТУнинг 54-сонли талабалар турар жойидаги шароитлар билан танишди. Бу ҳақда Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Яхши мутахассис кадр бўлишингиз учун  ўз устингизда мунтазам ишлашингиз, кўпроқ меҳнат қилишингиз лозим. Бу, албатта, эртага ўз мевасини беради” – дея таъкидлаган Тошқулов.

Вазир ташрифи давомида 446 ўринга мўлжалланган ётоқхона ҳолати, яқинда таъмирланган бино ва жиҳозлардан талабалар қандай фойдаланаётгани билан танишди.

Кўздан кечириш жараёнида бинода интернет тезлиги етарли эмаслиги, спорт зал йўқлигига, шунингдек, талабалар дарсликлар билан тўлиқ таъминланмагани, бадиий адабиётлар танқислиги, дарс тайёрлашга мўлжалланган хоналарда гилам ва ёритгич етишмаслиги, маънавият хонасидан деярли фойдаланмаслик ҳолатига гувоҳ бўлинди.

Ташриф якунида вазир университет раҳбариятига аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича топшириқлар берди.