Бугун, 25 ноябрь куни Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов “Навбаҳор” футболчилари ва мураббийлари  билан учрашди. Бу хақда “лочинлар” матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вилоят ҳокими жамоа аъзолари билан учрашувда “Навбаҳор” таркибини янада кучайтириш, совринли ўринлар учун курашадиган жамоа шакллантириш борасида ишлар амалга оширилаётганлигини маълум қилди.

2022 йилдан Водий жамоасида жиддий ўзгаришлар рўй бериши кутилмоқда. Хусусан, жамоага суперлигадан бир нечта юлдуз футболчилар таклиф этилади.

Шунингдек, келаси мавсумдан “Навбаҳор” жамоасида Самвел Бабаян бош мураббий сифатида иш бошлайди. Ушбу мутахассис ҳозиргача “Навбаҳор” клубида ёрдамчи мураббий сифатида ишлаб келаётганди.

Маълумот ўрнида, “Навбаҳор” жамоаси Суперлигада 25-турдан кейин 6-ўринда бормоқда. Жамоада ҳозирча Виктор Жалилов бош мураббий сифатида иш олиб боряпти.