Маълумотларга кўра, Мажбурий ижро бюроси ҳозирда 3 минг нафардан кўпроқ қарздорни излаяпти. Аммо уларнинг мингдан ортиғи чет элга чиқиб кетган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов маълум қилди.

Қайд этилишича, Мажбурий ижро бюросининг тезкор-қидирув фаолияти натижасида жорий йилнинг ўтган даврида қарздорлиги туфайли 7 минг 800 дан зиёд жисмоний шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган бўлиб, шундан 4,5 мингдан (58 фоиз) ортиғи топилиб, мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилган.

Ҳозирда 3 минг 264 нафар қарздор қидириляпти, унинг 2 минг 149 нафари республика ҳудудида яширинган, 1 минг 115таси эса чет элга чиқиб кетган.

Қидирувдаги шахслар топилиши натижасида қарздорлардан жами  30 млрд 700 млн. сўм ундирилди. Шундан 22 млрд. 800 млн. сўми алимент пуллари ҳисобланади.