“Hellbound” сериали 24 соат ичида Netflix'да энг кўп томоша қилинган “Кальмар ўйини” сериалининг рекордини янгилашга эришди. Ушбу сериал 19 ноябрь куни Netflix тармоғига жойланган эди. 20 ноябрь куни эса Netflix'да энг кўп томоша қилинган сериалга айланди.

“Hellbound” сериалининг сюжетига кўра, бир гуруҳ иблис мавжудотлар илгари сирли самовий мавжудотлар томонидан ўлим санаси ва вақти айтилган гуноҳкорларни овлайди. Буларнинг барчаси жамиятда ваҳима ва диний ақидапарастликнинг гуллаб-яшнашига сабаб бўлади.


Маълумот ўрнида, ушбу сериал ҳам “Калмар ўйини” сериали сингари кореялик кино ижодкорлар томонидан суратга олинган. Сериал яратувчиси жанубий кореялик карикатурачи, кинорежиссёр ва сценарий муаллифи Ён Сан Хо ҳисобланади. У 2016 йилда чиққан “Пусанга поезд” қўрқинчли фильми ва зомби апокалипсиси Сеул станцияси ҳақидаги мультфильми билан машҳур.