Вилоят прокурори Тошлоқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2-сектор ҳудудида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди, дея хабар бермоқда Effect.uz`нинг Фарғонадаги мухбири Ҳамитжон Аҳмедов.

Фарғона вилояти прокурори Бахтиёржон Исмоилов жорий йилнинг ўтган даври мобайнида прокурорлар секторида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йил якунига қадар белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши юзасидан Тошлоқ туманига ташриф буюрди.

Вилоят прокурори “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан янгича “Маҳаллабай” тамойили асосида ишлашга асосий эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, туман прокурори Аҳрорбек Худойберганов ташаббуси ва кўмаги билан мактаб, мактабгача таълим ташкилотлари, маҳаллалар йиғинлари бинолари, эҳтиёжмандлар учун уй-жойлар ҳашар ва ҳомийлик асосида қурилишига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Бундан ташқари, жиноятчиликка қарши кураш самардорлигини ошириш чоралари кўриш, ҳудуддаги видеокузатув камералари инвентаризациядан ўтказиш ва қўшимча ўрнатилиши бўйича кўрсатмалар берди.

Вилоят прокурори туман ҳокими Абдуқаҳҳор Джурабаев ва сектор раҳбарлари ҳамда мутасаддилар иштирокида “Янгийўл” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларда ҳам бўлиб, оилаларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганди ва фуқароларнинг тадбиркорлик йўналишидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлади. Айниқса, лимончилик ва пистачилик йўналишидаги ишларни оммалаштириш бўйича ўз тавсияларини берди.

Ташриф давомида вилоят прокурори Тошлоқ туманида паррандачиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва Бешолиш даҳасидаги инкубатор ишлаб чиқараётган “EGG BOX GROUP” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди.