Effect.uz. ахборот агентлигининг телеграммдаги саҳифасига жорий йилнинг 24 ноябрь куни “Навоийлик оналар ҳасрати. Бизнесмен ҳоким мададкор бўла оладими?” номли видео эълон қилинган эди.

Ушбу видеода фуқаро Гулчирой Қўзиева суд қарорлари ижроси таъминланмаётганлигини баён қилган. Ҳолатга Навоий вилоят МИБ бошқармаси расмий муносабат билдирди:

“Аниқланишича: Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 14.11.2019 йилдаги фуқаро Тошев Шерзоддан ундирувчи Қўзиева Гулчирой фойдасига Қизилтепа тумани, “Фурқат” МФЙ, Тошкент кўчаси, 17-уйдаги улуш ҳисобига 143.888.895 сўм миқдорида компенсация ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати юзасидан Мажбурий ижро бюроси Қизилтепа туман бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилган.

Мазкур ижро ҳужжатига асосан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида бўлим томонидан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 32-моддасига асосан низоли уй-жойни савдога чиқариш ва кейинги ижро ҳаракатларини амалга ошириш тўғрисида ариза билан фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига ариза билан мурожаат қилиниб, суд томонидан ушбу ариза қаноатлантирмасдан қолдирилган.

Шунингдек, ижро ҳаракатлари давомида қарздор Ш.Тошевнинг яшаш манзилида мавжуд бўлган олти турдаги мол-мулклар хатланиб, ушбу мол-мулклар 6.942.200 сўмга баҳоланиб, савдога чиқарилган. Мазкур мол-мулкларга харидорлар томонидан қизиқишлар бўлмаганлиги сабабли, ундирилиши лозим бўлган компенсация қисман қоплаш ҳисобига фуқаро Г.Қўзиевага таклиф қилиниб, унинг розилигига асосан мол-мулклар топширилган.

Шунингдек, ушбу ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида 18.09.2021 йилда қарздор Ш.Тошевнинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда қарздорга тегишли бўлган бирор турдаги қимматли мол-мулклар мавжуд эмаслини аниқланган. Бундан ташқари, қарздор Ш.Тошев Қизилтепа туманидаги “SOF-IN” МЧЖда ишлаётганлиги сабабли, компенсация пулини ундириш учун 02.06.2020 йилда унинг иш ҳақисига қаратилиб, ундирилиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 23 ноябрь кунига қадар фуқаро Г.Қўзиева фойдасига ушбу қарздорликлардан жами 2.978.263 сўм ундириб берилди ҳамда 6.942.200 сўмга баҳоланган мол-мулклар топширилган. Бундан ташқари, фуқаро Г.Қўзиева фойдасига вояга етмаган бир нафар фарзанди учун алимент пули ўз вақтида ундирилиб, ҳозирги кунда алимент тўловидан қарздорлик мавжуд эмас. Юқоридагиларга асосан, давлат ижрочиси томонидан мазкур ижро ҳужжати юзасидан юзасидан қонунда белгиланган тартибда ижро ҳаракатлари олиб борилган. Суд қарори ижросиз қолмаган!” – дейилади  расмий муносабатда.