Хабарингиз бор, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида маҳалла фаоллари билан учрашувда “Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳар кенгаши раиси Рустам Калонов телеканаллардаги кўрсатувларни танқид остига олиб уларни назоратга олишни сўраган эди.

Мана, муҳтарам президент, маҳаллаларга катта эътибор беряпсиз. Лекин бир фикр бор эди – “Sevimli” телеканалида “Маҳаллада дув-дув гап” деган кўрсатув бор.

Умуман бизнинг анъаналаримизга зид. Қандай қилиб уни оила даврасида томоша қилиш мумкин, ҳайронман.

 Шунчалик бир масалани муҳокама қилмоқчи экан, ўша маҳалласига бориб қилсин шуни. Яна “Ёр-ёр” дегани ҳам бор. Унда чиқиб хотинлар эр топаман дейди, эркаклар хотин. Яхши эркак бўлса ўзи хотин топиб олади”, – деган эди Рустам Калонов.

Шундан сўнг, 2021 йил 25 ноябрь куни ЎзЭОАВМА Бош дирекцияси ва Экспертлар кенгашининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда ЎзЭОАВМАга аъзо теле ва радио каналлар раҳбарлари, бош муҳаррирлари, ижодий ходимлари, ЎзЭОАВМА Экспертлар кенгаши аъзолари, Тошкент шаҳри “Нуроний” жамғармаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходимлари иштирок этишди.

Кун тартибидан ЎзЭОАВМАга аъзо теле ва радио каналларнинг медиа маҳсулотлар тайёрлашда маънавий-маърифий тарбияни янада кучайтириш, оила қадриятларини, халқ анъаналарини кўрсатувлар мазмунига чуқур сингдириш, айниқса, маҳалларада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини очиб бериш  сингари масалалар ўрин олди.

Йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, маҳаллаларга берилаётган юксак эътиборни бир қатор информацион ва ижтимоий лойиҳаларда ёритиб келаётганлигини таъкидланган.

Шу билан бирга бу борада теле ва радио каналларда йўл қўйилаётган камчиликлар, мавжуд муаммолар айтилиб, бу борада бадиий кенгашлар фаолиятини тубдан кучайтириш, масъул ходимларнинг малака ва масъулиятини ошириш борасида ўз таклифларини билдиришди.

Йиғилишда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати аъзоси, Тошкент шаҳар “Нуроний” жамғармаси кенгаши раиси Р.Калонов, бугунги кунда аҳолининг катта қисми телеканаллардан ахборот олаётганлигини, айниқса нодавлат телеканалларни томоша қилаётганлигини эътироф этди.

Шу билан бирга оилавий муносабатлар ва маиший мавзулардаги айрим  кўрсатувларда халқимиз қадриятларига ва урф-одатларига у қадар мос бўлмаган ҳолатлар акс этаётганлигини таъкидлаб,  бу борада  оилалар мустаҳкамлиги, ажралишларни олдини, фарзанд тарбиясида ота-оналарнинг масъулиятини кучайтириш сингари мавзуларга  эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

“Sevimli” TV Бош муҳаррири Қ.Сайдалиев оилавий муносабатлар ҳақида тайёрланаётган кўрсатувлар жамоатчилик ва мутасадди вазирли ва идоралар масъулларини кўпроқ жалб этиши, хусусан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги хусусида ўз фикрларини билдирди.

“ZO’R” TV Бош муҳаррири Ф.Юсупова кейинги пайтда “Ёр-ёр” кўрсатувининг ижтимоий мазмунини кўчайтириш бўйича бир қатор чоралар кўрилаётганлигини, Ўзбекистон жамоатчилиги ва томошабинлар билдираётган таклиф ва тавсиялар албатта инобатга олинишини айтиб ўтди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходими Т.Кадирова ўз сўзида вазирлик оила ва маҳалла мавзусидаги кўрсатувларда вазирлик экспертлари ва мутахассислари ҳамда мавжуд маълумотлари билан иштирок этишга тайёр эканлигини билдириб, ЎзЭОАВМАга аъзо барча телерадиоканаллар билан ҳамкорликда янги лойиҳалар яратишга келишиб олинганлигини таъкидлади.

                                                                                                                                  (Реклама ҳуқуқи асосида)