Ўзбекистонда табиий газ етиб бормаган ҳудудлар аҳолисини кўмир билан таъминлаш ҳукуматнинг доимий диққат марказида турибди. “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан 2021-2022 йиллар куз-қиш масуми учун республика бюджет ташкилотларига 450 минг тонна, аҳоли истеъмолчилари учун 705 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб бериш режалаштирилган, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Қўшимча қилинишича, ҳозирда ушбу режаларни тўлақонли бажариш учун ҳаракат бормоқда. Хусусан, кон устини очиш ва кўмир қазиб олиш ҳажмлари тобора оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи якунларига кўра кон устини очиш ишлари 22,4 млн кубометрни ташкил этди ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ошган.

 

Тўққиз ойда кўмир қазиб чиқариш 3,4 млн тоннага тенг бўлди. Ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарни ташкил этди. Натижада республика бюджет ташкилотларини куз-қиш мавсуми учун кўмир билан таъминлаш режаси 16 август куни муддатидан аввал бажарилди.

23 ноябрь ҳолатига республика аҳолисига 714,7 минг тонна маҳаллий кўмир маҳсулотлари тарқатилиб, бу борадаги тасдиқланган режа ҳам ортиғи билан уддаланди.

Ушбу кўрсаткич ўтган йилдагига нисбатан солиштириладиган бўлсак, ўтган йил шу давргача аҳолига 461,2 минг  тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилган  эди.

Айни кунларда аҳоли эҳтиёжлари учун қатиқ ёқилғи етказиб бериш ишлари тўхтатилгани йўқ. “Ўзбеккўмир” АЖда аҳоли талабидан келиб чиқиб, йил охиригача яна 150,0 минг тонна қўшимча равишда кўмир маҳсулотлари етказиб беришни режалаштирилмоқда.

Кўмир маҳсулотлари “Кўмир таъминот” МЧЖга қарашли 102та кўмир омбори ва шаҳобчалари орқали тарқатилмоқда. Ушбу омбор ва шаҳобчаларда 23 ноябрь ҳолатига 18 минг кўмир захираси мавжуд.