Давлат бошқаруви органлари ва ҳокимликлар самарадорлигини ошириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва “мобиль бошқарув аппарати”ни яратиш  мақсадида 2022–2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент Фармойиши қабул қилинди.

Фармойишга кўра, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқилишида қуйидагилар устувор йўналиш ҳисобланади:

– давлат бошқаруви органларининг мақомини белгилаш;

– такрорланувчи вазифа ва функцияларини қисқартириш;

– раҳбар ўринбосарларининг йўналишлар кесимидаги жавобгарлик чегараларини аниқ белгилаш;

– вазирлик ва идоралар штат бирликларини мақбуллаштириш;

– бошқарув жараёнини автоматлаштириш, иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш;

– “Очиқ идора” лойиҳасини амалга ошириш;

– давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш ва фуқароларнинг сансалорлигига барҳам бериш;

– вазирлик ва идораларнинг айрим функцияларини нодавлат секторига ўтказиш;

– тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларини битта маъмурий бинога жойлаштириш орқали аҳолига “Ягона дарча” тизими асосида хизмат кўрсатиш;

– кадрларни танлов асосида ва кенг рақобат муҳитида ишга қабул қилишни тўлиқ жорий қилиш;

– ўз устида ишламайдиган ва масъулияти бўлмаган кадрларга нисбатан “жамоавий таъсир”ни амалга ошириш;

– вазирлик ва идораларда ягона кадрлар рейтингини юритиш;

– давлат хизматчилари томонидан олинадиган кафолатланган бепул хизматлар ва воситалар пакетини ишлаб чиқиш;

– тендер ва танловларни очиқ ва шаффоф ҳолда ўтказиш тизимини такомиллаштириш;

– халқ депутатлари Кенгашларининг маҳаллалардаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги ролини ошириш;

– маҳаллий вакиллик органларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпусини шакллантириш;

– ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг ваколат чегарасини аниқ белгилаш.