Бугун, 24 октябрь куни Ўзбекистон Кубоги ярим финал босқичидаги  иккинчи учрашув ўз якунига етди. Унда «Пахтакор» ўз майдонида «Бунёдкор»ни қабул қилди.

Муросасиз кечган баҳсда «Пахтакор» футболчиларининг икки нафарига қизил карточка кўрсатилди. Аммо «шерлар»  ирода кўрсатиб, учрашувнинг асосий дақиқа ва қўшимча бўлимларида дуранг натижа қайд этиб(1:1), пенальтилар сериясида 5:4 ҳисобида муҳим ғалабага эришди. Шу тариқа «Пахтакор» финалга йўл олди.

Маълумот учун, «Пахтакор» финалда Қаршининг «Насаф» клуби билан кураш олиб боради. Ушбу баҳс 4 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.