Гулистон туманида шу йилнинг ўзида 15та маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари, 2та давлат мактабгача таълим ташкилоти бунёд этилди. Йиллар давомида таъмирталаб бўлиб турган “Маданият саройи” тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, 11та кўп қаватли ҳамда 76та 0.02 га ер майдонли уй-жойлар қурилиши давом этмоқда, дея хабар бермоқда Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Туманда “Истироҳат боғи”ни қуриш ишлари бошланган. Лойиҳа туман маркази – “Деҳқонобод” шаҳарчасининг “Ибрат” маҳалласи ҳудудида жойлашади. Вилоят ҳокими Ғофур Мирзаев мазкур боғ лойиҳаси ва дастлабки қурилиш ишлари билан танишди.

Қарийб 1,10 гектар майдонда ландшафтли боғ, фавворалар, маданий-оммавий тадбирлар учун майдон ва саҳна, 300 ўринли амфитеатр, 10дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, болалар ўйингоҳи, аттракционлар ўрин олиши кўзда тутилган.

Ташкил этиладиган янги маданият ва истироҳат боғида қурилиш ишлари 2022 йил март ойига қадар давом этади ва Наврўз айёми арафасида фойдаланишга топширилади.

Вилоят раҳбари боғ лойиҳаси билан танишар экан, мазкур маскан туман аҳолиси ва меҳмонларнинг севимли даргоҳларидан бири бўлиши кераклигини, одамлар ҳордиқ чиқариши учун барча зарур қулайликлар, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлайдиган инфратузилма барпо этиш лозимлигини таъкидлади.

Энг муҳим вазифа – одамларнинг дам олиши учун муносиб шарт-шароитлар яратишдан иборат. Бу ҳам маданият”, – дейди Ғофуржон Мирзаев.Бу ерда сайр қилиш учун имконият яратиш ва турли аттракционлар ўрнатиш билан чекланмай, сўлим боғни каттаю кичик учун севимли ҳордиқ масканига айлантириш зарур”.

Мутасадди раҳбарларга қурилиш ишларини юксак маҳорат, чуқур билим, замонавий технологиялар асосида амалга ошириш, ободонлаштириш ишларида манзарали дарахт ва буталарни кўпроқ экиш бўйича зарур кўрсатмалар беришди.