Навоий вилояти Қизилтепа туманида жойлашган 12-умумий ўрта мактаб ўқитувчиларини ёппасига ишдан бўшатмоқчи бўлган директор жазоланди.

Маълум бўлишича, ушбу воқеа бўйича Навоий вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказган.

Унга кўра Навоий вилояти Қизилтепа туман халқ таълимига қарашли 12-умумий ўрта мактаби директори ва ўқитувчиларидан тушунтириш хатлари олинган.

Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2021-йил 23-ноябрда мактаб директори номига 18/00-01/11-571-сонли ёзма кўрсатма киритилиб, буйруқлар бекор қилинди ҳамда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги сабабли, мактаб директорига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1 қисмига асосан маъмурий жарима қўлланилган.

Маълумот учун, мазкур модда билан айбланган мансабдорга шахслар БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. (1 БҲМ — 275 минг сўм).

Меҳнат кодексининг 113-моддасида раҳбар карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлиги белгиланган.