Осиё минтақасида тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, қўшни давлат билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида ўтказилиб келинаётган икки томонлама ўқув машғулотлари “Термиз” полигонида давом эттирилди.

Қозоғистон Республикаси қуруқликдаги қўшинлари бош қўмондонлик бошқармаси штаб бошлиғи генерал-майор Каниш Абубакиров бошчилигидаги қўшни давлат ҳарбий делегацияси 17 ноябрь куни Термиз шаҳрига етиб келди.

Режага кўра икки давлат ҳарбий хизматчилари деярли бир ҳафта давомида “Ҳамкорлик – 2021” қўшма ўқувининг асосий фазасига пухта тайёргарлик кўрди.

Ўқувни кузатиш учун “Термиз” полигонига Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов, Қозоғистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Мурат Бектанов ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов етиб келган.

Мудофаа вазирларининг ташрифи “Термиз” полигони махсус ўқув нуқталарида ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган кўргазмали чиқишларни кузатишдан бошланди.

45 та тўсиқдан иборат мажмуавий махсус-тактик машқлар йўлаги, отлиқ марафон каби 50 га яқин ўқув нуқталарида моҳирлик билан ҳаракат қилган ўзбек ҳарбийлари меҳмонлар томонидан юқори баҳоланган.

Шундан сўнг “Ҳамкорлик—2021” қўшма ўқувининг асосий фазаси бошланди. Дастурга кўра ҳамкорликда ҳаракат қилган ҳарбийлар шартли равишда чегара ҳудудини бузиб киришга уринган ноқонуний қуролли гуруҳга қарши жанг олиб боришди.

Унда шахсий таркиб қирувчи самолётлар, жанговар вертолётлар, зирҳли техникалар, артиллерия ва учувчисиз учиш аппаратларидан кенг фойдаланилган.

“Ҳамкорлик—2021” қўшма ўқуви муваффақиятли якунланиб, унда иштирок этган икки давлат ҳарбий хизматчилари тадбирнинг тантанали ёпилиш маросимида майдонда сафланишди.