Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятидаги умумтаълим мактабларининг бирига ўқувчи томонидан иситиш воситаси олиб келинаётгани айтилди. Мазкур вазият акс этган фотосурат кўплаб муҳокамаларга, одамларнинг этирозларига сабаб бўлгани бор гап.

Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдириб, бошқарма томонидан ишчи гуруҳи тузилгани ва ҳолат ўрганилганини маълум қилди,

Қайд этилишича, хабарларда келтирилган фототасвирда Улуғнор туманидаги 21-мактаб кириш қисми тасвирланган. Ушбу мактаб 2018 йил «Обод маҳалла давлат дастури» асосида тўла таъмирланиб, ўқув бинолари замонавий кўринишга келтирилган.

Шунигдек, мактабда 4 та (3 та Пиролиз, 1 та АКС-50 русумдаги) иситиш қозонлари ўрнатилган бўлиб, куз-қиш мавсуми кириб келиши билан (2021 йил 15 ноябрь санасидан) ўқув бинолари стандарт ҳароратда иситилиб келинмоқда.

«Юқоридагиларни инобатга олиб, ушбу таълим муассасасида ўқувчилар томонидан олиб келинадиган иситиш воситаларига умуман зарурат йўқлигини маълум қиламиз», – дейилади расмий муносабатда.

Аввалроқ, Андижон вилояти ХТБ раҳбари интизомий жазога тортилган эди.