Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида контейнер ичидан 2 нафар фуқаронинг жасади топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура қўшимча маълумот берди.

Маълум бўлишича, 17 ноябрь куни “Агрокимётаъминотсервис” МЧЖ ҳудудидаги яшаш учун мослаштирилган контейнерда икки нафар ёлланма ишчи қўлбола усулда ясалган печкадан чиққан ис газидан захарланиб вафот этишган.

Марҳумларнинг ўлим сабабларини аниқлаш юзасидан суд тиббий экспертизаси тайинланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Пастдарғом тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, содир бўлган бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш ҳамда бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида туман ҳокими Ш.Худайбердиев қарор чиқарган.

Қарорга кўра, Пастдарғом туманида бахтсиз ҳодиса содир бўлганда унинг сабабларини текшириш бўйича дастлабки зарур чораларни кўриш, бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш учун комиссияси тузилади.

Комиссия томонидан қуйидагиларга эътибор қаратилади:

  • бахтсиз ҳодиса содир бўлган жойнинг ҳолати бўйича ўзгаришларни қайд этиш; табиий газдан фойдаланиш ускуна ва жиҳозларнинг тури, русуми, маркаси, уларнинг жойлашув ўрни ва техник ҳолатини аниқлаш;
  • Дудбўрон ва шамоллатиш каналларининг лойиҳа ҳужжатларига, белгиланган норма ва қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш;
  • бахтсиз ҳодиса содир бўлишига олиб келган аниқ норматив – ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этмаслик ҳолатини аниқлаш;

Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг  ўринбосари А.Илмуратов зиммасига юклатилган.