Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида мактаб раҳбарияти ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати мазкур вазият юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, ҳолат бўйича Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат мехнат инспекцияси томонидан ўрганиш ишлари ўтказилган.

Натижага кўра синф раҳбари томонидан ўқувчилар ҳақиқатдан ҳам 2021 йилнинг 15 ноябрь куни дарс вақтида мактабнинг ховлисини ва ташқари ҳудудини мажбурий тарзда ишлатилганлиги аниқланди. Шунингдек, бу каби ҳолат ҳафтасига кўп маротаба такрорланиб келаётганлиги ўз тасдиғини топди.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат мехнат инспекцияси томонидан Вояга етмаганларнинг меҳнатидан маъмурий тарзда мажбурлаш йўли билан фойдаланганлиги юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 1482-моддасига асосан конуний чора куришлик учун, Тошкент вилояти прокуратурасига юборилди.

Аввалроқ, Меҳнат вазирлиги Бухородаги бахтсиз ҳодиса ортидан ўрганиш ишларини бошлагани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек вазирлик Навоий вилояти Нурота туманида содир бўлган ЙТҲда ҳалок бўлган «Халқ банки»нинг уч нафар ходими ўлими ортидан махсус текширув бошлаганди.