Ҳукумат қарори билан Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёлланган ходимларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Эндиликда якка тартибдаги тадбиркорлар 5 нафаргача ходим ёллаши мумкин. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали маълум қилди.

Маълумки, илгари ЯТТлар 1 нафардан 3 нафаргача ходим ишлата оларди. Энди эса бу сон икки нафарга кўпайтирилди.

Янги тасдиқланган низомга мувофиқ, ЯТТ банк ҳисобварағи очганидан сўнг ходим ёллаш ҳуқуқига эга бўлади. ЯТТ ходимни ёллашда ёзма меҳнат шартномаси тузади, улар томонидан меҳнат дафтарчаси юритилмайди.

ЯТТ ходимини солиқда ҳисобга қўйиш учун аризани шартнома тузган вақтдан 3 иш кунидан кечикмай солиқ органига беради. Солиқ органи 1 иш кунида ходимнинг ҳисобга қўйилганлигига оид карточкани тақдим қилади. ЯТТлар ходим учун даромад солиғи ва ижтимоий солиқ тўлайди.

ЯТТ фаолияти вақтинчалик ёки бутунлай тўхтатилса солиқ органига юборган хабарномаси асосида солиқ ҳисобланиши тўхтатилади.